Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди.

Қарор билан Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди:

маҳаллий ғалла ўриш ва пахта териш техникаларини етказиб беришни молиялаштириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган фоиз ставкаси бўйича ва қайтарилиш муддати харажатлар қопланиши муддатига қараб 7 йилдан 10 йилгача бўлган қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади ҳамда молиялаштириш ҳажми Жамғарма даромадлари ва харажатларини шакллантиришда белгиланади;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари, республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, фоиз харажатларини қоплашнинг ушбу миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги:

а) 2019 йилда, эксперимент тариқасида, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб беришни таъминлайди;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пахта териш машиналари хизматига ҳақ тўлаш харажатларини қоплаб бериш бўйича эксперимент натижалари асосида 2019 йил 1 декабрга қадар ушбу амалиётни мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритади;

в) 2019 йил 20 апрелга қадар:

мазкур қарорда назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

“Ўзагролизинг” АЖ, “Ўзмашлизинг” МЧЖ ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги 2018 йилнинг IV чорагида лизинг асосида етказиб берилган техникалар учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга 155,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилишини таъминлайди.