Жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ташкил этиладиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг бош мукофоти 7 минг АҚШ доллари этиб белгиланди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказилаётган фестивалда халқаро ташкилотлар, шунингдек, Афғонистон, Туркия, Тожикистон, Қувайт ва бошқа давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
80дан ортиқ давлатлардан 300га яқин иштирокчилар саралаш комиссияси томонидан кўриб чиқилди.
Саралаш комиссияси хулосасига асосан,
20 та давлатдан 57 нафар ижрочилар;
12 та давлатдан 25 нафар конференция иштирокчилари;
41 та давлатдан 43 нафар меҳмонлар;
20 давлатдан 29 нафар оммавий ахборот воситалари ходимларининг таклиф этилиши юзасидан қарор қабул қилинди.
Маданият вазирлиги маълумотига кўра, танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофоти — Гран-При 7 000, 1-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 5 000, 2-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 3 500, 3-ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича: яккахон ва жамоа) 2 500 АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади.
Ижрочилар «Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу ижрочиси» каби номинациялар бўйича ҳам пул мукофотлари ва махсус дипломлар билан тақдирланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, ушбу фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ўтказиб борилиши белгиланган.
















