Жамият | 11:45 / 05.04.2019
36828
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Юртимизда яна бир йирик цемент заводи қурилмоқда

Ўзбекистон цемент заводлари сони яна биттага кўпаядиган бўлди. Президент Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил 20 июлдаги “Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида цемент заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига киришилди ва Андижон вилояти Булоқбоши туманида хитойлик ҳамкорлар томонидан янги заводнинг қурилиш ишлари бошланди.

Хитойликлар билан ҳамкорликда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этиш маҳаллий хом ашё асосида жаҳон талаблари даражасида маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Бу борада Хитойнинг цемент соҳасида кучли 10 таликка кирувчи “Zhejiang Shangfeng Building Materials Co., Ltd”, “Zhejiang Tongli Heavy Machinery Co., Ltd.” ва “Beijing Triumph International Engineering Co., Ltd” компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Хитой инвестицияси иштирокидаги ушбу қўшма корхонада лойиҳанинг умумий қиймати 418,9 миллион АҚШ доллари бўлиб, 2018 йилдан 2020 йилнинг 2-чорагича 1 босқичда 1.2 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш линияси ишга туширилади ва бу босқичда 203,9 миллион АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилган. 2020-2023 йилларда 2 босқичда йиллик 2.0 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш орқали 215,0 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилади.

Ҳозир ҳамкорларимизнинг техникалари билан иш бошлаганмиз, – дейди “Beijing Triumph International Engineering Co., Ltd” компанияси директор ўринбосари Цао Ю Бо. – Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати компаниямиз томонидан кириб келадиган техникаларнинг муддат ва божхона имтиёзларини кўриб чиқмоқда. Шу жараённи охирига етказиб, бу йилги инвестиция миқдорини 55 миллион долларга етказмоқчимиз. Андижон вилояти Булоқбоши тумани ва Фарғона вилояти Шўрсув шаҳарчасида олиб бораётган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида цемент миқдорини Фарғона водийсида 4 миллион 200 минг тоннага олиб чиқишни режалаштирганмиз.

Янги цемент заводи мукаммал лойиҳалардан бўлиб, у экологик жиҳатдан ҳам халқаро талабларга тўла жавоб беради. Мазкур цемент заводи қурилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (ўша вақтда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси)нинг 2015 йил 27 ноябрда ҳамда 2017 йил 18 январда экологик давлат экспертизаси хулосаси олинган бўлиб, у атроф табиий муҳит ҳолатига ва фуқароларнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Иккинчидан, ишлаб чиқариш жараёни давомида пайдо бўладиган атроф-муҳитга зарар етказувчи чиқиндиларнинг салбий таъсирини йўқотиш мақсадида бу ерда ўрнатилаётган технологиялар энг сўнгги русумдагиси бўлиб, ҳавога ҳеч қандай чанг чиқармайди, экологияни бузмайди. Мазкур қўшма корхонага ўрнатилаётган ҳаво тозалаш фильтрларини ўзига 12,5 миллион доллардан ортиқ маблағ сарф этилаётгани ҳам уни экологик жиҳатдан пухта лойиҳа эканлигини билдиради. Айни пайтда Ҳукумат томонидан завод учун кириб келадиган зарур техникалар муддати ва божхона имтиёзлари муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек ушбу Хитой компаниялари хамкорлигида Фарғона вилояти Шўрсув шаҳарчасида ҳам худди шундай завод қурилиши белгиланган. Мазкур корхоналар ишга тушиши натижасида 4,2 млн. 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эришилади. Янги цемент заводларининг қурилиши аҳолининг цементга бўлган талабини тўлиқ қондиришга хизмат қилади. 

Мавзуга оид