Ўзбекистон | 15:52 / 06.04.2019
42499
3 дақиқада ўқилади

Қурилиши тугалланмаган биноларга бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишда энди туман ҳокими қарори талаб этилмайди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай имкониятлар яратиш, шунингдек бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing Business” (Бизнес юритиш) йиллик ҳисоботида рейтингини яхшилаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1060-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур Қарор билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, эндиликда қурилиши тугалланмаган нотураржой бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Бунда, қурилиши тугалланмаган объектга нисбатан мулк ҳуқуқи ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда қурилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган лойиҳа асосида бошланганлиги шарти билан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Бошқа тоифадаги қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга (якка тартибдаги уй-жойлар ва бошқалар) нисбатан ҳуқуқлар эса ер участкасини бериш тўғрисидаги ҳужжатлар, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида кадастр йиғма жилдини (паспортини) тайёрлаш орқали давлат рўйхатидан ўтказилади. 

Ушбу орқали қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказишда туман ҳокими қарори қабул қилиниши ва унинг рухсатномасини талаб этиш амалиёти бекор қилинди. 

Эндиликда, фуқаролар ва тадбиркорлар қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Давлат хизматлари марказларидан бирига мурожаат этган тақдирларида, мулк ҳуқуқи икки иш кунида давлат рўйхатидан ўтказилади ва белгиланган тартибда реестрдан кўчирма тақдим этилади. 

Қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек бошқа шахсларга ўтказишда бу тартибнинг жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорларга бу турдаги объектларни гаровга қўйиб кредитлар олиш, молиявий қийинчиликларга учраганда эса уларни бошқа шахсларга сотиш орқали қурилиш жараёни тугалланмасдан қолиб келаётган бинолар сонининг кескин камайишига, бюрократия ва коррупциоген ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради ҳамда “53 фоизлик бинолар” тушунчаси бутунлай барҳам топди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Doing Business” глобал рейтингида мулкни рўйхатдан ўтказиш индикатори бўйича рейтинги янада яхшиланишига, энг муҳими мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланишига ҳамда қурилиш соҳасининг жадал ривожланишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид