Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманида айтган гаплари барчага бирдек таъсир қилди. Чиндан ҳам, ёш авлодни йиғлатиб қаёққача бормоқчимиз? Бу йиғилар қаердадир ушлаб қолиши, асорати бошқа ерда, каттароқ турнирларда сезилишини наҳотки аччиқ тажрибамиздан билмасак, наҳотки унутган бўлсак? Ахир, ҳаммамиздан юқорида турган Ҳакамнинг барчадан-да адолатли ҳукмидан четлаб ўтишга чорамиз йўқ-ку. Ҳа, мана шуниси оғриқли масала. Шуниси ёмон.

Майли, келинг, ҳозир мен шарҳловчилик қисмати ҳақида гапириб берай сизга.

«Суюнчи» фильмида муаллиф антиқа ёндошувлари билан мени ҳайратга солган. Айниқса, Анзират ҳола кўприк қурдирган ва раис одамлардан холи жойда: «Яхши қилибсиз-у, лекин биз билан бир маслаҳатлашсангиз бўларди», деб мутахассисларнинг аралашувини ўртага қўйгани ва унга бош қаҳрамоннинг: «Шунақа қилмасам, ётаверарди-да», мазмунидаги жавоби икки томоннинг-да позицияси тўғрилигини кўрсатади. Ростдан ҳам иккиси бир-бирига қарши гапираяпти-ю, лекин ўзларининг тарафидан тўғри ёндашишяпти.

Шарҳловчилик соҳасини ўша Анзират ҳоланинг ролига ўхшатаман. Шарҳловчи росмана мутахассис эмас — футболчи бўлмаган, мураббий даражасида футболни тушунмас, аммо шарҳ давомида гапирмаса, ўйин давомида футболчиларнинг хатти-ҳаракатини ўзи билганича таҳлил қилиб бормаса, бўлмайди. Муаммони ечиш учун уни вақтида айтиш керак кўпинча.

Шарҳловчилик соҳасининг янада қизиқ томони шуки, футболчиларнинг ўйинига баҳо бериш, мураббийларнинг тактикаларини бемалол таҳлил қилиш билан бирга футболчиларга ҳакам бўлиб турганларнинг устидан-да ҳакамлик қила олади. Зўр-а?! Бир ҳакам менга: «Футболчиларнинг қисмати бизнинг қароримизга, бизнинг фаолиятимиз эса, кўпроқ сизларнинг гапингизга боғлиқ», деганди. Рост. Ҳакам ўз қарори билан ўйинга қандай таъсир ўтказса, шарҳловчиники ҳам шу даражада. Баъзан кўпроқ бўлса бор, кам эмас.

Лекин шарҳловчилик бошқа томондан ўта мураккаб соҳа — жамоаси учун ёниб куядиган ишқибозлар ва ҳиссиётни бир четга суриб қўйиб таҳлил қиладиган мутахассислар ўртасида жон сақлаши керак. Мухлислар гапини эътиборга оламан, деб шарҳласа, ҳакам қарорлари масаласида ҳиссиётга берилиб кетиши ва жанжалли воқеага сабаб бўладиган даражадаги хатога йўл қўйиб қўйиши мумкин (бу хатони тўғрилаб бўлмайди кейин). Мутахассисона ёндошиб, ҳакамнинг қарорини ҳакамлар билан ишловчи қўмитага ҳавола қилса ва хатони ўйин пайти эмас, учрашув тугагач излашни маъқул кўрса, мухлислар наздида қўрқоққа айланади. Аслидаям шунақами?

Мен кўпроқ мухлисларнинг фикрига қулоқ соладиган ва мутахассислар билан тортишиб юрадиган шарҳловчилар тоифасига кирсам керак. Эҳтимол, шу боис ижтимоий тармоқларда менга оид тарқалган асосий шарҳ парчалари ўта ҳиссиётли вазиятлардан олинган. Ҳаттоки хатоли гаплар бўлса ҳам, ҳурмат қилишади ўша гапларни.