Ўзбекистон | 15:20 / 09.04.2019
9149
3 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари: «Яхши интернет йўқ жойда инновация ҳақида гап бўлиши мумкин эмас»

8 апрель куни Архитектура ва қурилиш институтида Инновация вазири ва Қурилиш вазири ўринбосарлари, қурилиш ва архитектура соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналар вакиллари, тегишли ташкилотлар экспертлари ва олимлар иштирокида «Қурилиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг инновацион ечимлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда замонавий уй-жойлар қурилишида энергия самарадорлигини таъминловчи технологиялардан фойдаланиш, архитектура ва қурилиш соҳасида кадрларни халқаро тажриба асосида тайёрлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш масалалари форсайт (узоқ келажакни башорат қилиш) усулида муҳокама этилди.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров қурилиш соҳасини инновацион йўналишда ривожлантириш билан боғлиқ қатор муаммоларни санаб ўтди.

Азимжон Назаров

«Инновацион ривожланиш стратегиясига кўра, олдимизга бир неча вазифаларни қўйганмиз. Хусусан, Ўзбекистон 2030 йилга қадар глобал инновацион рейтингда кучли 50таликка кириши керак. Ҳозир эса 122-ўриндамиз. Шунингдек, инновацион ғояларни амалга оширишда хусусий секторнинг ролини ошириш керак. Жаҳон тажрибасига кўра, бу борада давлат улуши 40 фоизни, хусусий секторники эса 60 фоизни ташкил этади. Бизда эса инновация бўйича ишларнинг 92 фоизи давлатга, атиги 8 фоизи хусусий ташкилотларга тўғри келяпти», дея Азимжон Назаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари интернет сифати инновацион ривожланишга катта таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтган. «Яхши интернет йўқ жойда инновация ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», дея қўшимча қилган у.

У тадбиркор йўлидаги тўсиқларга ҳам эътибор қаратди. «Тадбиркор қурилишга рухсат олиш учун 17та талабни бажариши ва бунинг учун ўртача 246 кун вақт сарфлаши керак. Бу эса қурилиш ва архитектура соҳасида инновацион ғояларнинг амалга оширилиш эҳтимолини камайтиради», дейди у.

Қурилиш вазири ўринбосари Эркин Искандаров ҳам «республиканинг ҳар бир нуқтасида қурилиш ишлари олиб борилаётган бир вақтда соҳа муаммоларига муқобил ечим топиш ва инновацион ғояларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши»ни таъкидлаб ўтди.

Мазкур муҳокамаларда кўтарилган муаммолар ечимига қонуний асос яратиш учун Қурилиш вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан юридик ҳужжат тайёрланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида «Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинган, унга кўра Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш белгиланган эди.

Мавзуга оид