Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4042-сонли қарорида 2019 йил 1 августидан импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган алоҳида тоифадаги товарларни тасдиқланган рўйхатга мувофиқ ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалашни жорий этиш белгиланган.

Маркировкалашни жорий этишнинг асосий вазифалари қалбакилаштирилган ва ноқонуний ишлаб чиқилган товарларни республикага олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш орқали аҳоли хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини ошириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, сўнгги вақтларда турли Интернет ресурсларда қатор аноним материаллар берилиб, уларнинг муаллифлари турли хил маълумотларни қалбакилаштириш, фактларни бўрттириш йўллари билан мажбурий маркировкалашни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чораларни қоралашга ва обрўсизлантиришга уринишмоқда.

Шу муносабат билан, Президент қошидаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги матбуот хизматида қуйидагилар тушунтириб ўтилди.

Давлат раҳбарининг юқорида келтирилган қарорининг 5-банди билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига 2019 йил 1 февралига қадар энг яхши таклифларини саралаб олиш асосида кўрсатиладиган хизматлар ишончлилиги ва сифатини, юқори ҳимояланганлик даражасини таъминлай оладиган, амалий тажрибага эга бўлган маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчисини танлаб олишни, маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар қийматининг сезиларли оширилмаслигини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган етказиб берувчи билан музокаралар ўтказилишини, шунингдек, у билан тузилаётган шартнома бутун муддати давомида кўрсатиладиган хизматлар баҳосини қатъий белгилаган ҳолда 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга шартнома тузилишини таъминлаш топширилган.

2018 йилнинг декабр ойида энг яхши таклифларини саралаб олиш учун 80 техникавий ва молиявий талабларни ўзида мужассамлаштирган техник топшириқ эълон қилинди. Таъкидлаш жоизки, ягона етказувчини танлашдаги талабларнинг бири сифатида танлаб олинаётган компаниянинг давлат назоратида бўлган саноат секторларидан мустақиллиги тўғрисидаги декларация киритилган эди.

Келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича маркировкалаш бўйича ягона хизматларни етказувчи сифатида Швейцариянинг «SICPA» компанияси саралаб олинди.