Солиқ қўмитаси ўсимлик мойини рақамли маркировкалаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳа қабул қилинса, мажбурий маркировка 2027 йил 1 июлдан кучга кириши мумкин.
Ҳужжат преамбуласига кўра, ташаббус ўсимлик мойини ишлаб чиқариш ва сотишни рақамлаштириш, шунингдек уни ноқонуний олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Талаб ТН ВЭД бўйича 1507–1515 гуруҳларига кирувчи мойларга татбиқ этилади. Улар орасида соя, ерёнғоқ, зайтун, пальма, кунгабоқар, кироз (сафлор), пахта, кокос, рапс ва бошқа ўсимлик мойлари бор.
Маркировка истеъмол қадоғига (ташқи ёки ички) ёпиштириладиган штрих-кодли стикер орқали амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, шунингдек улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи ташкилотлар “Asl belgisi” миллий маркировка ва маҳсулотни кузатиш тизимига уланиши керак. Тизим оператори — CRPT Turon компанияси. Маркировкаланган маҳсулотнинг муомалага киритилиши, айланиши ва муомаладан чиқарилиши тизим орқали кузатиб борилади.
Маркировка коди йўқ мажбурий маркировкаланадиган ўсимлик мойини сотиш савдо қоидаларини бузиш деб топилади ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади. Талабларга риоя этилишини назорат қилишни солиқ органларига юклатиш таклиф этиляпти.
Ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 24 октябргача давом этади.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда мажбурий рақамли маркировка — тамаки маҳсулотлари, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар (шу жумладан ичимлик суви), дори воситалари ҳамда маиший техникага татбиқ этилган.
Рақамли маркировка тизими 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич кенгайтириб келинмоқда. Аввалроқ сув ва алкоголсиз ичимликлар агрегациясини жорий этиш 2027 йил 1 апрелгача кечиктирилган эди.














