5-7 апрель кунлари юртимиз ҳудудларида кучли ёғингарчилик бўлиб ўтди. Ушбу ёғингарчилик натижасида айрим вилоятларда сел тошқини туфайли бир неча хонадон зарар кўрди. Таҳририятга келган навбатдаги мурожаат ҳам айнан шу мавзуда.
“Ҳурматли таҳририят ижодкорлари, сизга Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Молтоб ҚФЙ Янгиқишлоқ кўчасида сел тошқини сабабли қаттиқ зарар кўрган фуқаролар мурожаат қилмоқдамиз. 5-7 апрель кунлари ёққан ёмғирлар натижасида бизнинг Янгиқишлоқ кўчасида бир неча хонадонларга ёмғир сувлари кириб , олти хонадон зарар кўрди. Табиий офатдан сўнг кўчада қолдик. Орадан неча кун ўтган бўлса-да, на туман ҳокимлиги, на керакли ташкилотлар бизга кўмак қўлини чўзди. Айни кунларда ҳар биримиз яқин қариндошларимиз хонадонларида вақтинча яшаб турибмиз. Бу эса кўплаб қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Яшаш жойларимиз тикланишида ҳамда зарар кўрган ҳовли ва уйларимиз тезроқ тартибга келтирилишида ёрдам беришингизни сўраймиз”, дейилади унда.
Мазкур мурожаатни ўрганиш мақсадида кўрсатилган манзилга йўл оламиз. Янгиқишлоқ кўчасидаги зарар кўрган хонадон соҳибларининг маълум қилишича, талофатларга кучли ёмғир ёғиши натижасида “Тошкент-Самарқанд” тезюрар “Афросиёб поезди” темир йўли остидан ўтган қувурларга ёмғир суви билан оқиб келган шох-шаббалар тиқилиб қолиши сабаб бўлган.



Сел оқибатида Манзура Отабоеванинг уйи буткул тошқин остида қолган. Уйнинг деворлари сел босимига дош беролмай нураган. Натижада хонадон қаттиқ зарар кўрган.




“Сув кутилмаганда жуда шиддат билан келди, уйдан ҳеч нимани олиб чиқолмадик.Бор нарсамиз оқиб нобуд бўлди. Паррандаларимиз, ҳовлидаги кўчат ва экинларимизга зарар етди. Хуллас, эгнимиздаги кийим билан қолдик. Ҳокимиятдан келишди, ўрганамиз, ўн беш кунда жавобини айтамиз, дейишди. Ёрдам берамиз, дейишди, лекин ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади”,- дейди Ҳамидулло Отабоев.






























