Маълум қилинишича, сел-сув тошқини хавфи Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим туманлари ҳамда шаҳарларида кузатилиши мумкин.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари, шунингдек Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари хавфли ҳудудлар қаторига киритилган.

Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонабод шаҳрида ҳам сел ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Ўзгидромет тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, дам олувчилар ҳамда мазкур ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирди.

Бундан ташқари, республика бўйича айрим ҳудудларда кучли ёмғирлар натижасида ёмғир сувлари тўпланиб, ҳудудларни сув босиши эҳтимоли ҳам мавжудлиги қайд этилди.