Ўзбекистон Республикаси Президенти “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишни назарда тутувчи, 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқланди:
аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилган санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш;
қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш;
полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;
санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш;
қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш.
Қуйидагилар Стратегиянинг асосий принциплари этиб белгиланди:
Стратегияни амалга оширишнинг барча босқичларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
қаттиқ маиший чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида улар билан амалга ошириладиган барча жараёнлар устидан назоратни таъминловчи қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи, тегишли ҳуқуқий ва иқтисодий асосларни яратиш заруриятини белгиловчи “ифлослантирувчи тўлайди” принципини жорий этиш;
танлов асосида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги.

















