Сўнгги вақтларда маҳаллий ҳокимлик ва тадбиркорлар ўртасида турли низо ва тушунмовчиликлар юзасидан таҳририятга мурожаатлар кўпаймоқда. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ўтказилган журналистик суриштирувлар жараёнида тадбиркор маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларини айбласа, ҳокимлик тадбиркорнинг ўзини айбдор қилади.

Kun.uz сайтига навбатдаги шундай мазмундаги мурожаат Каттақўрғон туманида фаолият юритаётган тадбиркор Элёр Қодировдан келди.

«Мен 2018 йил апрель ойида тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида Каттақўрғон туман ҳокимияти ёнида жойлашган истироҳат боғидан музқаймоқ ва салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланишга мўлжалланган павильон қуриш учун ер майдони ажратишини сўраб туман ҳокимига мурожаат қилганман. Мурожаатим натижасиз қолгани сабабли туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Н.Санақуловга учрашганимда, у мен сўраган жойдан ер ажратиб бериш учун 100 миллион сўм пул талаб қилди. Шундан сўнг мен Самарқанд вилояти ҳокимига шахсан учрашиб, масала ва муаммоларни тушунтирганимдан кейин у кишининг ёрдами билан туман ҳокимлиги юқорида айтилган манзилда ер ажратиб беришди. Мен туман ҳокимлиги томонидан талаб қилинган ҳужжатларни тайёрлаганимдан сўнг уларнинг рухсати билан қарорда кўрсатилган майдонда қурилиш ишларини бошладим. Қурилиш жараёнида туман ҳокими шахсан ўзи келиб, қурилиш ишларига баҳо бериб, қўшимча ер майдонига йўлак қилишимни, темир чамбараклар ўрнатиб, гулхона қилишимни ва манзарали дарахтлар экишимни, келин-куёвлар учун алоҳида қўшимча жой қуришимни тайинлаб, топшириқ берди. Туман ҳокими бу топшириқ ижроси юзасидан телефон қилиб, эслатиб ҳам турди. Мен туман ҳокими томонидан берилган топшириқларни бажариб, замонавий павильонни қуриб битказдим. Аммо бугунги кунда туман ҳокимияти мутасаддилари келиб, «қарорда кўрсатилган муддатда шартнома тузмагансан, сен қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан қўшимча ер майдонига қурилиш қилгансан», деган важ билан қарорни бекор қилишларини, мен қурган павильонни бузиши ёки кимошди савдосига қўйиб, сотиб юборишларини айтиб, менга босим ўтказишаяпти. Менинг айбим туман ҳокими ўринбосарига 100 миллион сўм бермаганимми?», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, тадбиркор билан суҳбатлашдик. Элёр Қодиров юқорида ёзилган эътирозларини айтар экан, қарорда кўрсатилган муддатда шартнома тузганини ва ўзбошимчалик эмас, балки туман ҳокими топшириғи асосида қўшимча ер майдонига қурилиш қилганини таъкидлади.

Ўрганишимиз давомида масалага тегишли ҳужжатлар билан ҳам танишдик. Маълум бўлишича, Каттақўрғон тумани ҳокимининг 2018 йил 20 августдаги «Фуқаро Қодиров Элёр Маматқул ўғлига павильон сифатида фойдаланиб, аҳолига хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун вақтинча фойдаланишга 0,02 га ер майдонини ижарага бериш тўғрисида»ги 1520-қ-сонли қарори билан тадбиркорга ижара асосида ер ажратиб берилган.