Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.

Маълумки, 3 сентябр куни давлат раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда ҳудудларда ишни ташкил этиш тартиби тубдан ўзгартирилиб, асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш белгиланганди.

Янги тизимга мувофиқ, ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилиб, бандлик идоралари ва иқтисодий комплекс ташкилотлари одамларни иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалаларини жойнинг ўзида ҳал қилиши лозим.

Бугунги йиғилишда ана шу вазифалар ижроси, штаблар фаолияти ва жойларда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, барча ҳудудларда штаблар иш бошлади. Уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун иқтисодий комплексдан ҳар бир вилоятга 2 нафардан, жами 28 нафар масъул раҳбар бириктирилди. Ислоҳотлар штаби, вазирликлар, банклар ва маҳаллий ҳокимликлар янги тизим асосида ишни бошлаган.

Шу билан бирга, айрим раҳбарлар ҳали ҳам ишни кабинетдан туриб ташкил этаётгани, маҳаллага тушиб, ҳар бир оила ва ҳар бир корхонадаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шавкат Мирзиёев бундай ёндашув билан натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлади.

Ҳокимлар камбағаллик масаласига фақат ижтимоий реестр нуқтаи назаридан қарамаслиги зарурлиги қайд этилди. Ижтимоий реестр аҳолини қўллаб-қувватлаш воситаси, камбағалликни қисқартириш эса оилани барқарор даромад манбаига боғлаш, иш ўрни, инфратузилма ҳамда шароит яратиш билан боғлиқ комплекс вазифадир.

Йиғилишда ҳар бир туманда тайёр имкониятларни ишга солиш орқали бандликни ошириш мумкинлиги аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, Қўшкўпир туманида 43 миллион еврога қурилган, 1 минг 300 та иш ўрнига мўлжалланган тўқимачилик корхонаси йил бошидан буён ишламай тургани танқид қилинди. Корхона фаолияти тикланса, банк томонидан кризис-менежер жалб этилиб, у тўлиқ қувватга чиқарилиши мумкин.