Ўзбекистонда антидемпинг чораларини қўллашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Лойиҳада сифатсиз ва демпинг нархдаги импорт маҳсулотларга нисбатан антидемпинг чораларини қўллаш ҳамда божхона божи ставкаларини қайта кўриб чиқиш назарда тутилади.
Қонун ва қарор лойиҳалари 2026 йил ноябр ойида тайёр бўлиши керак.
Ушбу топшириқ – президентнинг тадбиркорлар билан мулоқотида белгиланган вазифалар ижросига оид фармонида назарда тутилган.
Топшириқ ижроси учун бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва бошқалар масъул этиб белгиланган.
Антидемпинг чоралари – чет элдан келтирилаётган товарнинг сунъий равишда жуда арзон нархда сотилиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зарар кўраётган бўлса, уларни ҳимоя қилиш учун ҳукумат қўллайдиган савдо чоралари демакдир.
2023 йил декабр ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг баённомаси билан, маиший техника импортига тахминан 10 фоизлик антидемпинг божлари ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган эди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси 2024 йил январ ойида баёнот бериб, ўрганиш хулосаларига кўра антидемпинг божини киритиш режа қилинмаганини билдирган эди.
















