Ўзбекистон Республикаси президенти “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қарор билан соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Белгиланишича:
а) соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида қуйидаги бир ёки бир неча шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилади:
соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади;
в) битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланади. Бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак;
г) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритадиган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Жамғарма давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил қилинадиган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2718-сон қарорига асосан очилган кредит линияларининг танланмаган маблағлари ҳисобидан ваколатли тижорат банкларига 10 йил муддатгача, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, йиллик фоиз ставкаси 6 ойлик ЛИБОР плюс 2 фоизга тенг, умумий миқдори 200 миллион АҚШ долларигача бўлган кредит линияларини очади.
















