12:40 / 19.04.2019
15951

«Челси»нинг рекорди ва Франкфуртдаги можаро. «Эмери Лигаси»да нима гаплар?

Фото: PA

18 апрель оқшомида Европа Лигаси чоракфинали доирасида жавоб учрашувлари ўтказилди ва яримфиналнинг барча иштирокчилари номи маълум бўлди.

Анчелотти яримфиналсиз

«Наполи» - «Арсенал» - 0:1
Гол
: 1:0 – 36, Ляказетт
Наполи – Мерет, Кирикеш, Ғулом (Мариу Руй, 71), Максимович (Мертенс, 46), Кулибали, Зелиньски, Аллан, Кальехон, Фабиан Руис, Инсинье (Юнес, 61), Милик.
Арсенал – Чех, Косьельни, Монреаль, Колашинац, Папастатопулос, Торрейра, Мэйтленд-Найлз, Чака (Эл-Ненни, 61), Рэмзи (Мхитарян, 34), Обамеянг, Ляказетт (Ивоби, 68).
Огоҳлантиришлар: Инсинье (43), Чех (74), Кальехон (90).
Биринчи ўйин - 0:2.

«Тушуниб турибмиз, «Сан-Паоло»даги 90 дақиқа биз учун жуда узун бўлиши мумкин», деганди ўйин олдидан «канонирлар» устози Унаи Эмери. Бундай бўлмаслиги учун лондонликлар тезкор гол ўтказмаслиги талаб қилинарди ва лондонликлар бу ўйинда мезбонлар стартда штурм қила олмаслигини таъминлаш учун барча ишни қилишди. Меҳмонлар тўпни назорат қилишди, тўп рақибга ўтган вақтда кучли прессинг уюштиришди ва майдоннинг иккинчи қисмидаёқ ҳужумларни тўхтатишга ҳаракат қилишди. Аммо бу ҳеч нарсани кафолатлай олмасди, битта хато билан барчаси чиппакка чиқиши мумкин эди. Масалан, «Арсенал» стандарт вазиятдан тўпни ўйинга киритган вақтда Обамеянг тўпни Кулибалига олдириб қўйди ва мезбонлар қарши ҳужумга чиқишди, аммо Кальехон Чехни доғда қолдира олмади.

Бундай ҳолатлар Эмерининг режаларида йўқ эди, худди Зелиньский билан тўқнашувда жабрланган Рэмзининг эрта мажбурий алмаштирилиши каби. Бу йўқотиш «Арсенал»нинг келгусидаги ўйинларига таъсир кўрсатиши мумкин, аммо Неаполдаги ўйин тақдирини Ляказетт ва Мерет ҳал қилди. Итальянлар жамоаси дарвозабони «жонли девор» қўйишда хато қилди ва франциялик ҳужумчининг зарбасига томошабин бўлди.

Иккинчи бўлим бошида Мерет хатосини ювишга ҳаракат қилди ва Обамеянг билан яккама-якка вазиятда жамоасини голдан қутқарди. Карло Анчелотти ўйинда ўзгаришлар қилиш учун майдондан Инсиньени олди, «Наполи» сафида юбилей - 300-учрашувини ўтказган футболчининг ўзи ҳам мураббийнинг бу қарорини тушунмади. Италиялик футболчида шунчаки ўзини кўрсатишга имконнинг ўзи бўлмаганди. Эмери ўзи учун қадрдон бўлган Европа Лигаси Кубогини яна бир қўлга киритиш учун одимлашда давом этади.

«Айнтрахт» тарих яратди

«Айнтрахт» Ф - «Бенфика» - 2:0
Голлар
: 1:0 – 36 Костич, 2:0 – 67 Роде.
Айнтрахт Ф – Трапп, Абраам, Фалетт (Виллемс, 90), да Кошта, Костич, Роде (Торро, 86), Хасебе, Гачинович, Фернандес, Ребич, Йович (Гонсалу Пасиэнсэ, 76).
Бенфика – Влаходимос, Диаш, Гримальдо, Андре Алмейда (Жонас, 79), Жардел, Фейса, Самарис (Пицци, 70), Рафа Силва (Сальвио, 72), Жедсон Фернандеш, Жоау Феликс, Сеферович.
Огоҳлантиришлар: Абраам (74), Фалетт (78), Ребич (83), Жонас (90).
Биринчи ўйин - 2:4.

Лиссабондаги биринчи ўйиндан кейин барча ўша ўйинда ҳет-трик муаллифи бўлган 19 ёшли Жоау Фелиш ҳақида гапира бошлади. Унинг нархи 120 миллион еврога чиқиб, Европанинг барча грандлари унга «оғиз сола бошлашди». Аммо ўша ўйинда кўпчилик эътибор қилмаган, «Порту»тарбияланувчиси Гонсалу Пасиэнсэ ўйин охирида «Айнтрахт»нинг иккинчи голини урган (2:4) ва немисларга жавоб ўйини олдидан умид берганди.

Айнан шу гол ҳал қилувчи голга айланди ва жавоб ўйинида Лиссабондагидан фарқли равишда 11 киши бўлиб ҳаракатланган франкфуртликлар (сафар ўйинининг 20-дақиқасидаёқ Адольф Ҳюттер шогирдлари бир киши кам бўлиб қолишганди) керакли натижага эришишди.

Кутилганидек «Айнтрахт» ўйинни ҳужумкор бошлади ва дақиқа сайин босимни кучайтирди. Бу турнирда ҳали VAR жорий этилмагани немислар фойдасига хизмат қилди - 36-дақиқада Ребич жарима майдони ташқарисидан берган зарба дарвоза устунидан қайтди ва бу тўпга биринчи бўлиб етиб келган Костич ҳисобни очди. Аммо мезбонларнинг бу муҳим голи офсайддан урилганди - Ребич зарба йўллаётган маҳалда Костич ўйиндан ташқари ҳолатда эди. Видеотакрордан фойдаланиш имкони бўлмаган арбир майдон марказини кўрсатди ва эътироз билдиргани учун «Бенфика» бош мураббийи Бруну Лажени захира ўриндиғидан трибуна томон ҳайдади.

«Айнтрахт» тўхташ ҳақида ўйламади ва немис клубларининг Европа Лигасидаги самарадорлиги бўйича рекорд сари интилди. Иккинчи бўлим ўрталарида Роде узоқ масофадан аниқ зарба йўллади ва франкфуртликларнинг бу турнирдаги 28-голини (немис клублари учун рекорд) уриб, жамоани сўнгги 39 йил ичида илк марта еврокубок яримфиналига олиб чиқди (ўша мавсумда улар УЕФА Кубогида ғолиб бўлишганди). 

«Айнтрахт» бу ўйин арафасида «Бенфика»дан  ижарага олинган Йовичнинг трансфер ҳуқуқини сотиб олган ва у билан 2023 йилгача шартнома имзолаганди. Лекин у Германияда узоқ ушланиб қолмаслиги аниқ, жамоа уни шу ёздаёқ катта пулга гранд клублардан бирига пуллашни режалаштирган. Меҳмонлар учун эса алам устига алам - ҳакам ўйин давомида «Айнтрахт» дарвозасига бир пенальти бермади ва ўйиннинг охирги дақиқаларида португалларнинг зарбаси дарвоза устунидан қайтди.

«Стэмфорд Бриж»да голлар шоуси

«Челси» - «Славия» Прага - 4:3
Голлар
: 1:0 – 5 Педро, 2:0 – 9, автогол Дели, 3:0 – 17 Жиру, 3:1 – 25 Соучек, 4:1 – 27 Педро, 4:2 – 51 Шевчик, 4:3 – 54 Шевчик.
Челси – Аррисабалага, Кристенсен, Эмерсон, Аспиликуэта, Давид Луиз, Баркли (Жоржиньо, 70), Ковачич, Педро (Ҳадсон-Одои, 87), Канте, Азар (Виллиан, 65), Жиру.
Славия – Коларж, Дели, Боржил, Кудела, Нгаде-Нгаджуи, Масопуст (Олайинка, 52), Соучек, Траоре, Шевчик (Стох, 78), Змргал (Шкода, 85), Крал.
Огоҳлантиришлар: Канте (33), Соучек (53), Кудела (73), Эмерсон (75), Аррисабалага (83), Давид Луиз (89).
Биринчи ўйин - 1:0.

Маурисио Сарри ўйинга имкон қадар оптимал таркиб туширди, бир ҳафта муқаддам Прагада ўтган ўйинда иккинчи бўлимда захирадан туширилган Азар ўйинни илк дақиқаларданқ майдонда бошлади. Лондондаги ўйинда бельгиялик футболчини биринчи бўлимдаёқ захирага қайтариш мумкин эди - 17-дақиқага келиб «Челси» 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Кўклар бу ўйинда ҳам ғалаба қозониб, шу вақтгача фақат «Атлетико»га тегишли бўлгани рекорд - 15 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияни такрорлашди.

«Стэмфорд Бриж» чиройли ҳужумлар Педро томонидан  ажойиб голлар билан якунланишига ва Жирунинг навбатдаги муваффақиятига гувоҳ бўлди. Франциялик футболчи турнирда бир мавсумда камида 10та гол урган тарихдаги бешинчи футболчига айланди. «Челси» эса бу мавсумдаги голлари сонини 100дан ошириб, бу кўрсаткич бўйича «Манчестер Сити»дан кейинги ўринда бормоқда.

Кўклар «шаҳарликлар» билан нафақат самарадорлик борасида, балки ўз мухлисларини хавотирлантириш борасида ҳам баҳслашишмоқда. Иккинчи бўлимда 3 дақиқа ичида дубль қайд этган Шевчик ҳисобни «Челси» учун таҳликали кўринишга келтириб, чехларни руҳлантирди. Аммо бундан ортиғига унинг қурби етмади ва ўйинда ҳисоб ўзгармай қолди - 4:3. 

«Челси» бир ўйинда АПЛда жорий йилда ўз майдонидаги 7 ўйинда ўтказган голларидан кўпроқ гол ўтказди ва «Славия» турнирни бошини тик кўтарган ҳолда тарк этишига имкон берди.

«Вильярреал» Европа Лигасини қурбон қилди

«Валенсия» - «Вильярреал» - 2:0
Голлар
: 1:0 – 13 Тони Лато, 2:0 – 54 Парехо.
Валенсия – Нето, Диакаби, Ронкалья, Тони Лато, Ферран Торрес, Васс, Парехо (Коклен, 62), Солер (Габриэл, 46), Гедеш (Ли Кан Ин, 68), Гамейро, Санти Мина.
Вильярреал – Фернандес, Руис, Фунес Мори, Коста, Ратиу, Касерес (Форнальс, 64), Тригерос (Хави Фуэго, 74), Педраса, Морланес, Раба (Чуквуэзе, 46), Морено.
Огоҳлантиришлар: Раба (24), Педраса (34), Фунес Мори (53), Ратиу (61), Коклен (88).
Биринчи ўйин - 3:1.

Испания чемпионатида «жон сақлаб қолиш» учун курашаётган «Вильярреал» («хавфли ҳудуд»дан 2 очко фарқ) Европа Лигасида ўтган ҳафтада биринчи ўйинда ўз майдонида 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин бу турнирни ўз ихтиёри билан тарк этишга қарор қилганди. Хави Кальехи жамоасининг асосий футболчилари - Гаспар, Форнальс, Иборра, Чуквуэзе ва Баккани захирада қолдирди. Якшанба куни «сариқ субмариналар»ни «Леганес»га қарши ўйин кутмоқда ва бу ўйин «кўршапалаклар»га қарши жавоб ўйинидан кўра муҳимроқ ҳисобланди.

Ўйин ёмғир остида кечди. Ўйин бошида меҳмонлар ҳимояда ўтиришни исташмади ва ҳужумкор ўйнашди. Аммо 10-дақиқадан кейин «Валенсия» ташаббусни қўлига олди, қатор ҳужумлардан кейин Гедешнинг пасидан унумли фойдаланган Лато бир ҳаракат билан ҳисобни очди - бу 21 ёшли ҳимоячининг «Валенсия» сафидаги дебют голи бўлди.

Танаффусга қадар жамоалар бир неча мартадан хавфли вазиятларга эга бўлишди, аммо дарвозабонлар ишончли ҳаракат қилишди.

Иккинчи бўлимда Кальеха еврокубок билан муносиб хайрлашиш учун Чиквуэзе ва Форнальсни майдонга ташлади, аммо бўлим бошида мезбонлар яна тезкор гол уришди - Парехонинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушди.

2:0 - «Вильярреал» учун ҳукм. Ўйиннинг қолган қисмида ёмғир жамоаларга сифатли ўйин кўрсатишга халал берди ва таблодаги ҳисоб ўзгармай қолди.

Европа Лигасининг яримфиналида энди «Валенсия» бу турнирда ғолиб чиқиш ҳадисини олган Унаи Эмери бошчилигидаги «Арсенал»га қарши чиқади. «Челси» эса «Айнтрахт» билан куч синашади. Яримфинал баҳслари 2-9 май кунларига белгиланган.

«Валенсия» 2013-14 йилги ҳам мавсумда яримфиналда ўйнаб бўлажак ғолиб - Эмерининг «Севилья»сини финалга кузатганди. Чоракфиналда турнир фаворитларидан бири «Наполи»дан осонлик билан ўтган испаниялик мутахассис собиқ жамоаларидан бирига қарши (у 2008-2012 йилларда «Валенсия»ни бошқарган) қандай ўйнашни яхши билади. Агар у бу ишни уддалай олса, жамоасини финалда «Айнтрахт»дан бир бош устун бўлган «Челси»га қарши бошлаб тушиши, еврокубок финали инглизча финалга айланиши мумкин. Ички чемпионатдаги ўзаро ўйинлардан келиб чиққан ҳолда айтсак, «Арсенал» «Челси»дан кучли кўринмоқда. Агар Эмери бу сафар ҳам Европа Лигасини ўзиники қиладиган бўлса, бу унинг ҳисобидаги тўртинчи ЕЛ кубоги бўлди - у «Севилья»да ўтказган барча уч мавсумида (2013-14, 2014-15, 2015-16) ҳам ушбу турнирда ғолиб чиққанди.

Top