Англия: «Ливерпул» «Тоттенҳэм»ни чиқариб юборди
Англия лигаси кубоги, 3-босқич
«Ливерпул» – «Тоттенҳэм» 3:1
Голлар: Мак Аллистер 21, Гакпо 54, Собослаи 90+1 – Галлаҳер 69
«Ливерпул»: Мамардашвили, Керкез, Гомес (Жаке 45), Арауҳо, Фримпонг, Мак Аллистер, Ниони (Гравенберҳ 62), Гакпо, Макконнелл (Собослаи 62), Нгумоа (Барколя 72), Кумас (Исак 86)
«Тоттенҳэм»: Дубравка, Удожи (Робертсон 57), Сенеси, Адарабиойо, Грэй, Бергвалл, Бентанкур (Фернандеш 57), Тел (Соланке 85), Галлаҳер (Мэддисон 75), Қуддус (Савинио 75), Мармуш
Огоҳлантиришлар: Арауҳо 36, Фримпонг 40, Керкез 75 – Мармуш 41, Бентанкур 45+3,
Англия лигаси кубогининг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган баҳслари доирасида марказий учрашув мақомида бўлган «Челси» ва «Лидс» тўқнашувида мухлислар голлар ёмғирига гувоҳ бўлишганди (6:3). Бу сафар эса барчанинг эътибори марказида «Ливерпул» ва «Тоттенҳэм» ўртасидаги тўқнашув турганди. Жамоаси билан АПЛнинг дастлабки турида бирорта ғалабага эриша олмаган (бирорта гол ҳам урмаган) Роберто Де Дзерби бу ўйинга деярли асосий таркибни туширди. «Шпорлар» инқирозли ҳолатдан чиқиши керак, бунинг учун эса натижалар яхшиланиши талаб этилади.
Ўйин стартида икки жамоада ҳам биттадан яхши вазият бўлди. Дастлаб Бергвалл қулай вазиятда туриб зарба берди, аммо бошқа йўналишда сакраганига қарамай, Мамардашвили тўпни оёқлари билан қайтаришга улгурди. «Ливерпул»да эса Кумас дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Дубравка билан дуэлда ютқазди. Бўлим ўрталарига борганда эса мезбонлар барибир ҳисобни очишди. Мак Аллистер рикошет ёрдамида тўпни юқори бурчакка жойлаштирди. У ўтган ҳафтада ЕЧЛда «Атлетико» дарвозасини ишғол этганди, бу сафар «Тоттенҳэм» унинг қурбонига айланди.
Танаффус арафасида эса Қуддус қулай имкониятдан фойдалана олмади. Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини оғир жароҳат туфайли ўтказиб юборган ва фақат август ойига келиб сафга қайтган ганалик футболчи дарвозабон ҳудудида туриб, тўпни юқорига тепиб юборди.
Иккинчи бўлим стартида эса «Ливерпул» ҳисобдаги устунликни оширди. Мак Аллистердан тўпни қабул қилиб олган Гакпо олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ва шундан кейингина бурчак зарбаси вақтида дарвозабон хатосидан фойдаланган Галлаҳер битта жавоб голини урди. Натижада «Энфилд»да йиғилган мухлислар ўйин охиригача хавотир ичида ўтиришди. 84-дақиқада Доминик Собослаи дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, 87-дақиқада эса Мармуш яқин масофадан дарвозани ўққа тутди, аммо Мамардашвили мезбонларни муқаррар голдан қутқариб қолди. Кейинги дақиқаларда лондонликлар яна бир неча хавфли ҳужумлар уюштиришди, аммо ҳисобни тенглаштира олишмади. Қўшимча дақиқаларда эса Собослаи ўз айбини ювди ва ўзи учун узоқ масофалардан гол уриш осонроқ эканини яна бир бор намойиш этиб, ўйинга сўнгги нуқтани қўйди. Унинг зарбасидан кейин тўп аввалига тўсинга тегиб, кейин дарвоза тўрига бориб тушди. «Ливерпул» Лига кубоги 1/8 финалига чиқди, ёзда трансферларга қарийб 400 миллион евро сарфлаган «Тоттенҳэм» эса мавсумдаги учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.



















