«Реал» «Барса»га етиб олди, «Арсенал»да ғалабали серия. Кун ўйинлари
|10:41 / 13.09.202617 0559 мин
Англияда «Челси» ва «Ливерпул» очко йўқотди, «Тоттенҳэм» кетма-кет 4 ўйинда гол уролмади, «Арсенал» кетма-кет 4 ғалабадан кейин турнир жадвалини бошқармоқда. Испанияда «Реал» йирик ғалабага эришиб, вақтинча «Барселона» билан тенглашиб олди.
Фото: Diego Souto/Getty Images Килиан Мбаппе Алваро Каррерас билан биринчи голни нишонламоқдаФото: Diego Souto/Getty Images Килиан Мбаппе Алваро Каррерас билан биринчи голни нишонламоқда
«Реал» биринчи бўлимдаги уч гол билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Мадридликларда бундай сермаҳсуллик жорий мавсумда иккинчи бор кузатилмоқда. Жозе Моуринио шу куни илк бор Диомандени бошланғич таркибда туширди, аммо майдондаги асосий ишни эскилар қилишди. Каррерас аввалига Мбаппе учун пеналти ишлаб берди, кейин эса ўзи Килиан билан девор услубида ўйнаб, иккинчи голни урди. Иккинчи голли ҳужумда Винисиус Жуниорнинг жонбозлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Бу ҳужумда унинг номига голли пас ёзилмаган бўлса-да, бироз ўтиб айнан унинг узатмасидан кейин ҳисоб йирик кўринишга келтирилди. Ҳимоячилар тўп жарима майдони ичидаги Мбаппега етказиб берилишини кутиб туришганида, Вини уни орқароққа – бўш келаётган Беллингҳэмга оширди.
«Асаларилар» таслим бўлишмади ва охиригача курашишди. Педро Диаснинг зарбасидан кейин тўп устунга борган бўлса, Камелио барибир ўз мақсадига эришди ва мавсумдаги голлари сонини 6 тага етказиб қўйди. Лекин меҳмонлар бундан ортиқ жавоб қайтара олишмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса «Реал» яна йирик ҳисобни тиклади. Захирадан ўйинга қўшилган Арда Гулер Килианга тўпурарлар пойгасида Камелиога етиб олиш имконини берди.
Бу натижадан кейин мадридликлар ҳисобидаги очколар сонини 12 тага етказиб, турнир жадвалида вақтинча «Барселона» билан тенглашиб олди – каталонияликлар 5-тур ўйинини бугун сафарда «Леванте»га қарши ўтказади.
«Ҳалл» стартдаги уч турда гол ўтказмаганди, аммо «Челси» ўз одатига кўра бу рақиб дарвозасига ҳам тезкор гол урди. Бунгача Ҳаби Алонсо шогирдлари учта ўйинда ҳам бешинчи дақиқагача ҳисобни очишганди, бу сафар эса 6-дақиқада рақибнинг стандарт вазиятидан кейин уюштирилган қарши ҳужумда Роджерс дарвозани ишғол этди. Морган мавсум стартидаги тўрт ўйинда ҳам голли ҳаракат амалга оширмоқда ва бу орқали «Стэмфорд Бриж»нинг яқин ўтмишдаги қаҳрамонлари – Азар, Дрогба, Фабрегас ва Диегу Коста билан бир графикда кетмоқда.
Аммо лондонликларнинг бу сафарги ёрқин дебюти ҳам ғалабани кафолатлай олмади (ўтган турда ҳам Роджерс «Арсенал» дарвозасига тезкор гол урганди, аммо жамоа якунда мағлубиятга учраганди). Алонсо ҳозирча мудофаа чизиғидаги муаммоларни ҳал эта олмаяпти. Беллумининг 7 дақиқа ичида урган икки голидан кейин 1:0 ҳисоби 1:2 кўринишига ўзгарди, «Челси» 65 йил ичида илк бор қаторасига 20 турда ўз дарвозасини сақлаб қололмаяпти. Биринчи бўлим ўрталаридан ўтганда мезбонлар ҳимоясидаги индивидуал хато қимматга тушди. Кейин эса лондонлик ҳимоячилар жарима майдони ичида тўп учун курашни бой беришди ва тўпни ютиб олган Макберни Беллумини голли пас билан таъминлади. Мезбонлар танаффусдан кейин ҳисобни тенглаштиришди – Палмердан тўпни қабул қилиб олган Жоао Педро қайтариб бўлмас зарба йўллади. Лондонликлар ўйин охиригача ҳужумкор ўйнашда давом этишди, аммо «Ҳалл» дуранг ҳисобни ушлаб қолди.
«Ливерпул» ва «Челси» очко йўқотганидан кейин «Арсенал»дан шанба фаворитлар учун қора кун эмаслигини кўрсатиш талаб этиларди. Лекин «Сандерленд» майдонида ҳеч кимга осон эмас – жамоа ўтган мавсумда 19 та уй учрашувидан атиги 4 тасида ютқазганди. Ўйиннинг биринчи бўлимида «канонирлар» «қора мушуклар»га дарвоза соҳасига тўғри борган бирорта зарба йўллашга имкон бермади (мезбонларда бешта уриниш бўлди), аммо лондонликларнинг ўзи ҳам 45 дақиқа давомида фақат икки марта дарвозабонни безовта қила олишди.
Иккинчи бўлим бошида эса бурчак зарбасидан кейин Баллард жарима майдони ичида Конса билан курашдан кейин газонга йиқилди, видеотакрорни кўриб чиққан арбитр меҳмонлар дарвозасига пеналти белгилади. Аммо ҳал қилувчи паллада Давид Райя ўзини кўрсатди ва Ле Фенинг пастки бурчакка йўналтирган зарбасини қайтарди, икки дақиқа ўтиб эса танаффусда ўйинга қўшилган Бруно Гимарайш жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди.
Шундан кейин чемпионлар ҳисобдан келиб чиққан ҳолда ўйнай бошлашди. Сака Эдегорнинг узатмасидан фойдалана олганида, интрига анча олдинроқ якунланган бўларди. Аммо мезбонлар дарвозабони Руфс ажойиб сэйв ижро этди, бироз ўтиб Ҳаверцнинг зарбасидан кейин Баллард дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни қайтариб қолди. Кейин эса узоқ вақтдан буён илк бор майдонга тушган Тимбер стандарт вазиятда иккинчи голни урди, аммо офсайд туфайли бу гол бекор қилинди.
Бу эпизод «Сандерленд»ни ўйинда қолдирди ва мезбонлар ўйин охирида кучли штурм уюштиришди, хусусан, Малик Фофананинг фаол ҳаракатларидан кейин ҳисоб тенглашишига бир бахя қолди (тўп ҳимоячилар блокидан ўтмай қолди). Сўнгги дақиқаларда эса Райя Мукиеленинг зарбасидан кейин тўсин остига кириб кетаётган тўпни қайтариб қолди. Мезбонлар қўшимча дақиқаларда тўлиқ куч билан ҳужумга ўтиб кетишди ва бунинг учун жазоланишди. Сака қарши ҳужумда пеналти ишлаб, уни ўзи аниқ ижро этди. Шундан кейин ҳакам ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагини чалди. «Арсенал» сафарда қийин ғалабага эришди, аммо айнан шундай ўйинлар чемпионлик ўйинлари деб аталади.
Кун статистикаси
«Тоттенҳэм» ўз майдонида «Эвертон»ни енга олмади. Ёзги трансферларда энг кўп сарфлаган «шпорлар» АПЛнинг дастлабки 4 турида ҳозирча бирорта гол ура олмади ва икки очко билан турнир жадвалининг 17-поғонасида жойлашган.
«Эвертон» дарвозабони Пикфорд АПЛда 100 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган бешинчи англиялик посбон бўлди. Бунгача бу натижага Дэвид Симэн, Дэвид Жеймс, Найжел Мартин ва Жо Ҳарт кабилар эришганди.
Ёзги трансферларда «Фрайбург»да «Айнтрахт»га ўтган Атуболу Бундеслига ўйинларида қаторасига 6-бор пеналти қайтарди. Унинг сэйви «бургутлар»га Майнцдаги ўйинда мавсумдаги илк ғалабага эришишда (3:1) ёрдам берди.
«Милан»да захирадан тушган футболчилар А Сериянинг сўнгги беш мавсумида урган голлар сони 49 тани ташкил этмоқда. Бу оралиқда фақат «Лацио» жокерлари сермаҳсулроқ (50 гол) бўлишган.
Англиялик яримҳимоячи Палмер АПЛда «Челси» учун ўтказилган 100 ўйинда 71 та голли балл жамғаришга эришди. Коул бу кўрсаткич бўйича фақат Ҳосселбайнкдан ортда (77).