Ижтимоий тармоқларда ҳамиша муҳокама марказига чиқиб оладиган мавзулардан бири бу ўқитувчи ва ўқувчилар муносабатларидир. Баъзида устозларнинг ўқувчига нисбатан куч ишлатган ҳолатлари акс этган видеолар тарқалиб қолади ва улар остидаги юзлаб изоҳларда томонлар тенг иккига бўлиниб кетади ҳамда тортишувни авжига чиқаришади.

Бир сурат бор. Ерда ётган бу суратда рақам тасвирланган. Унинг бир томонида турган одам рақамни 6 деб бақиради, иккинчиси эса 9 эканлигини зўр бериб таъкидлайди. Мутлақ ҳақ томонлар бўлмаган, ҳаммаси нуқтаи-назарларга боғлиқ бўлган баҳсларни шу сурат ифодалаб беради, яъни бу ерда ҳаммаси нисбий. 

Ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг муносабатларида уриш йўли билан жазолаш усули ҳақида шу суратни мисол келтириш мумкин. Ҳар икки томон бир нарсани – боланинг муносиб таълим олишини хоҳлайди, фақат бунинг учун дарёнинг икки томонидан туриб олиб, ўзини ҳақ деб билади. Яъни, бундай баҳсларда ҳамма ўзиникини маъқуллайверади.

Кўпчилик болага нисбатан куч ишлатиш мутлақ мумкин эмаслигини таъкидлайди, аммо ўқитувчини ёқлайдиганлар ҳам талайгина.

Келинг, ана шу иккинчи тоифанинг аргументлари билан танишамиз.

Қадимдан ота-оналар ўз фарзандларини таълим учун устозга топширишдан олдин бир гапни таъкидлашган: «Эти сизники, суяги бизники». Бу энди аксиома!

Ота-онанинг ўзи фарзандини устозга ишониб бермоқда, таълими учун қандай усулни танлаши тўла-тўкис устознинг ихтиёридалигини билдирмоқда, нима бўлганда ҳам бола илмли бўлиши шартлигини таъкидламоқда.

Албатта, ўқитувчининг мунтазам уришини, унга ҳам руҳий, ҳам жисмоний зарба беришини умуман оқлаб бўлмайди. Аммо бир нарсани унутмаслигимиз лозим – ҳеч бир устоз ўз ўқувчисига ёмонлик тиламайди, шогирди камолотга эришса, фахрланади, ҳаётда ўз йўлини йўқотса, афсусланади. Ўқитувчилар ҳамиша яхши гапга кирмаган, дарс жараёнига халақит берган ўқувчиларни жазолаб келишган.

Бу телефонлар чиқмасидан аввал ҳам бор эди, шунчаки ҳозир оммага тарқатиляпти, холос. Ёши улғайганлар бир саволга жавоб берсинлар-чи – қайси биримиз устозимиздан тарсаки емаганмиз? Ҳозир биз учун жон куйдирган, ёшлари бир жойга борган ўша ўқитувчиларга нисбатан кек сақлаяпмизми?!

Болаларни уришни қаттиқ қораловчиларни тушуниш мумкин, ўқувчи руҳий зарба олади, бу услубнинг самараси шубҳали. Бироқ бир нарсани унутиб қўйгандекмиз – кўз ўнгимизда тартибни анчайин унутиб қўйган, ҳар бир ташаббусни эрмак билан кутиб оладиган, интернет ва замонавий технологияларга муккасидан кетган, ўқишни бешинчи даражадан ҳам пастда кўрувчи, узоқ йиллар давомида ўқитувчи тизим томонидан камситилиб келаётганини кузатиб, ўзини ҳам шундай йўл тутишга ҳақли деб ҳисобловчи авлод улғайганини, улғаяётганини наҳотки англамаймиз?