Ўзбекистонда Сув хўжалиги вазирлиги таъсисчилигида “Сувхизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилади. Бу ҳақда “Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига сув хўжалиги хизматини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида айтилади.

Қайд этилишича, сув ресурсларини бошқаришда энг қуйи бўғинда сув истеъмолчиларига сув хўжалиги хизматини кўрсатишда, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этишда ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Хусусан:

биринчидан, жойларда фермер хўжаликлари томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланилмаслиги оқибатида бундай “табиат инъомини” сарфлашда исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда;

иккинчидан, сув истеъмолчилари уюшмалари тасарруфидаги сув хўжалиги объектларининг (суғориш тармоғи, сувни бошқариш, ҳисобга олиш ва бошқа гидротехника иншоотлари) техник ҳолати, мелиоратив техникалар билан таъминланганлик даражаси қониқарсиз аҳволда;

учинчидан, сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун шартнома интизомига риоя қилинмаслиги, тўловларни ундирилиш даражасининг пастлиги, ишлаётган ходимларнинг малакасини бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги, ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида тўланмаслиги улар фаолиятида кадрлар қўнимсизлиги ва иш сифатининг самарадорлигига салбий таъсир этмоқда.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги таъсисчилигида “Сувхизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилиши ва уларнинг намунавий тузилмаси тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сув хўжалиги вазирлиги давлат номидан тўлиқ бошқарув ҳуқуқи билан “Сувхизмат” МЧЖларни фаолиятини амалга оширувчи орган этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

“Сувхизмат” МЧЖларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

сув истеъмолчиларининг сув истеъмоли режаларини умумлаштириш, тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув билан таъминлаш, сувни оқилона бошқариш, кундалик мониторинги ва уларнинг ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритиш;

ўз ҳисобидаги суғориш тармоғи, сувни бошқариш, ҳисобга олиш ва бошқа гидротехника иншоотларини таъмирлаш-тиклаш, ишчи ҳолатда сақлаш ҳамда туман ирригация бўлими билан уларни белгиланган тартибда реконструкция ва модернизация қилишни ташкил қилиш;