Бугун, 24 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов селектор йиғилиши вақтида Хотира ва қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш масаласига тўхталди.
Kun.uz манбаси маълумот беришича, бош вазир Георгий лентаси оммалашиб бораётганини танқид қилган.
У Facebook ижтимоий тармоғида Ўзбекистон байроғи акс этган челленж уюштириш, унга таниқли эстрада хонандалари, спортчилар, сўз усталари ва зиёлиларни жалб этиш, умуман ташвиқот воситаларидан тўла фойдаланиш топшириғини берган.
Бош вазир топшириғига кўра миллий байроқ акс этган 100 минг нусхадан зиёд лента тарқатилади.
«Бу тадбир расмий тадбир эмас, меҳр билан, виждонан халқни бирлаштирадиган акция бўлиши керак», – деган Абдулла Арипов.
Қайд этиш керакки, 9 май яқинлашгани сайин Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари иккига бўлинади: Георгий лентасини ёқловчилар ва уларга қаршилар.
Айримлар 9 майни эслаш мақсадида кўкракларига қора ва сариқ рангдаги тасмаларни тақиб юришади, автомобилларига шундай тасмаларни илиб олишади.

Қайд этиш керакки, Георгий лентаси 1939-1941 йилларда фашизмга қарши уруш билан боғлиқ эмас. Тарихдан маълум, Россия императори Екатерина II (1762-1796) ўз қўшинлари олиб борган босқинчилик жангларидаги қирғин-баротда қаҳрамонлик, шафқатсизлик намуналарини кўрсатган рус армияси зобитларини мукофотлаш мақсадида 1769 йили муқаддас Георгий орденини таъсис этган. Шундан бошлаб уч қора ва икки сариқ рангдаги йўл чизиқлари бўлган тасма «Георгиевская лента» номи билан юритила бошланади.
Тасмадаги қора ранг Россияда императорлик ва давлат рамзи бўлган икки бошли қора бургутни англатса, сариқ ранг рус давлати герби рамзидир. Тасманинг учта қора ранги – қийноқда жон бериш рамзини, икки сариқ ранг эса ҳаётнинг қайтиши, тирилиш маъносини билдиради. Ундаги сариқ, қизғиш – уруш, олов ранги бўлса, қора ранг урушнинг доимий ҳамроҳи бўлмиш бурқсиб турган тутун рангидир. 1787 йили Суворов қўмондонлигидаги рус ҳарбий флоти Туркия аскарлари устидан ғалаба қозонганида жангчиларга биринчи бор Георгий лентаси медали билан топширилган.
Бундай лента 1917 йилдан 1991 йилгача СССРда коммунистлар томонидан тақиқланган ва Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳеч кимга Георгий лентаси берилмаган.
2005 йилга келиб бошланган акциялардан сўнг, 2008 йили Россия ҳукумати унга «Улуғ ватан урушида қозонилган ғалаба» рамзи деган янги маъно юклаб, постсовет ҳудудида уни кенг тарғиб қилишга киришади.















