Ўзбекистон Республикаси Президенти “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Қарор билан 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури маъқулланди. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Ишчи гуруҳ (А.Арипов):
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлайди ва жойларда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга амалий ёрдам кўрсатади;
Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакилларини бириктириб, ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этади;
ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
Байрамга тайёргарлик кўриш давомида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ қилиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилади;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси президенти номидан бирйўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топширади;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини ташкил қилади;
Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан кетиб ғалабага ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган ва уруш қаҳрамони бўлган фахрийлар номларини абадийлаштириш мақсадида ўзлари туғилиб ўсган кўчаларга уларнинг номларини бериш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
















