Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 сентябрдаги 527-сон қарори билан электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тамойилларига ўтишнинг биринчи — «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичи учун қоидалар тасдиқланди.

Ҳужжат электр энергиясини сотиш ва сотиб олиш, уни узатиш ва тақсимлаш хизматлари ҳамда бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солади.

Қоидаларга кўра, улгуржи бозорда йирик истеъмолчилар мустақил ишлаб чиқарувчилар билан икки томонлама шартнома тузиб, электрни келишилган нархда сотиб олиши мумкин. Электрни тармоқ орқали узатиш ва тақсимлаш хизмати учун ҳақни қайси томон тўлаши шартномада белгиланади.

Йирик истеъмолчи сифатида 6 киловолт ва ундан юқори кучланишли тармоққа уланган, йиллик электр истеъмоли камида 10 миллион киловатт-соат бўлган истеъмолчилар белгиланган.

Бироқ бюджет ташкилотлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат бюджетидан молиялаштириладиган сув таъминоти ва сув насос станциялари, фермер хўжаликлари ҳамда мобил алоқа операторлари ушбу тоифадан мустасно қилинган.

Чакана бозорда эса қуввати 5 мегаваттгача бўлган микро ва кичик электр станциялари ўз ҳудудидаги тақсимлаш тармоғига уланган истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархда электр сотиши мумкин. Бунда ҳудуд деганда Қорақалпоғистон Республикаси, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳри назарда тутилади. Бу имконият маиший истеъмолчиларга татбиқ этилмайди.

Маиший истеъмолчилар электрни тайинланган таъминотчидан тартибга солинадиган тариф асосида олади. Ҳужжатда аҳоли учун янги тариф миқдорлари белгиланмаган.

Икки томонлама шартномаларнинг амал қилиш муддати бир йилдан ошмайди. Электр ҳажмлари ҳар бир соат кесимида режалаштирилади ва ҳисоб-китоб қилинади. Шартномада электр миқдори, нархи ёки уни аниқлаш формуласи, тўлов шартлари, тармоқ хизматлари харажатлари ҳамда зарарни қоплаш тартиби кўрсатилиши лозим.

Йирик истеъмолчи бир нечта мустақил ишлаб чиқарувчи билан шартнома тузиши мумкин. Маиший бўлмаган истеъмолчилар ҳам бир нечта микро ва кичик электр станциясидан энергия харид қилиш ҳуқуқига эга.

Шартномалар бозор оператори томонидан рўйхатдан ўтказилади ва рўйхатга олинган пайтдан кучга киради.

Биринчи босқичда бозор оператори вазифалари марказий харид қилувчи — «Ўзэнергосотиш» АЖга юклатилади. Савдо операциялари электр энергиясини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилишга мўлжалланган CAS ҳамда Billing тизимлари орқали амалга оширилади.