25 апрель куни пойтахтда Tashkent Law Spring халқаро юридик форуми старт олди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

«Ҳуқуқ – жадал модернизация даврида»  мавзусида ўтказилаётган форумда замонавий ҳуқуқ тизимини ривожлантириш масаласи, юридик назария ва амалиётдаги муаммолар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтади.

Форум очилиш маросимида Ўзбекистонда ҳуқуқ ва қонунчилик тизимининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумот берувчи видеоролик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

«Ўзбекистон қонунчилик тизими ҳозирда трансформация ва модернизация жараёнини кечирмоқда. Бу жараён, албатта, камчиликлардан холи эмас. Албатта, биз тизимни такомиллаштириш, инвестицион муҳитни яхшилаш борасида тезкор ва самарали ҳаракатларни амалга оширишимиз зарур. Биргина Ҳаракатлар стратегияси дориасида 90та қонун, 2000га яқин қарор ва фармонлар қабул қилинди. Меҳнат, мулк ҳуқуқи ҳозир бизнинг диққат марказимизда», дейди форум пленар йиғилишида нутқ сўзлаган Адлия вазири Русланбек Давлетов.

25-27 апрель кунлари давом этадиган форумнинг биринчи кунида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида «Халқаро арбитраж ва суд иши», «Халқаро рейтинглар», «Инвестициялар: замонавий чақириқлар ва имкониятлар», «Давлат режалаштируви ва маъмурий ислоҳот», «Давлат-хусусий шериклик: ташкил этиш ва ривожлантиришнинг глобал тажрибаси», йўналишларида муҳокама сессиялари ҳамда «Суд экспертизаси», мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган.