5-6 ноябрь кунлари Ўзбекистон адлия вазири (эндиликда собиқ) Русланбек Давлетов ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) раҳбарияти, Institut Global Engagement (IGE) ва Хелсинки Комиссияси экспертлари билан музокаралар ўтказган.
Адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси доимий аъзолари билан учрашувда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида қилинаётган ишлар муҳокама қилинган.
«Хусусан, диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш Америка томони билан атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари алоҳида таъкидланди.
Комиссия аъзолари Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилганини эътироф этди. Улар бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга умид билдирди», – дейилади вазирлик хабарида.
Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон ва АҚШ диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун доимий ишчи мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.
Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича АҚШ комиссияси (Хелсинки комиссияси) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, Русланбек Давлетов АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Эрик Грин ва давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу билан учрашиб, Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашган.









