Ўзбекистон парламентининг илк раҳбари нега Мустақиллик байрамларига таклиф этилмагани ва Ислом Каримов ҳақида гапирди
Журналист Комилжон Шамсиддинов таниқли давлат ва жамоат арбоби Шавкат Йўлдошев билан суҳбат уюштирди. Унинг матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон парламентининг мустақиллик давридаги илк раҳбари бўлган Шавкат Йўлдошев суҳбат давомида нега сиёсатдан кетгани ҳамда бугунги ўзгаришлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.
«Ўзим кетганман. Кўп одам, ҳатто яқинларим ҳам, қандай қилиб шу даражадаги лавозимдан ўз хоҳишига кўра кетиш мумкин, дея, ишонмайди. Лекин бу рост. Саломатлигим важидан, ўзим ариза бериб кетганман. 33 ёшимда инфаркт бўлиб, икки ой реанимацияда ётганимдан сўнг, Худо жонимни қайтариб берган. Асорати билинарди. Ахир, тасаввур қилинг – ўша сиз айтган “ўтиш даври”да кун бўйи, кечки соат 10-11 гача ишлайсиз. Кечаси уйга бориб, дам олиш ўрнига бир қулоч қонун лойиҳалари ва турли ҳужжатларни тонггача кўриб чиқасиз, эртасига яна сессия давом этиши керак. Хуллас, шу тахлит, ўзим ишдан кетганман...
Таскин шуки, Ўзбекистондек давлатнинг мустақил бўлиши ҳақидаги ҳужжатга имзо чекиш менинг пешонамда бор экан, Оллоҳ менга шуни насиб қилган экан. Бу – менга ҳаётнинг берган мукофоти, шараф. Тарихни юз йилдаям, минг йилдаям ҳеч ким ўзгартира олмайди: Конституция, қонунлар ўзгариши мумкин. Аммо “Ўзбекистон мустақил бўлди” деган ҳужжатни ҳеч ким ўзгартира олмайди», - деди Йўлдошев.
«Саломатлигим сабабли сиёсатдан сал вақтлироқ кетганимга афсус қиламан. Яна бир гапни айтай. Мустақилликнинг 1 йиллик байрамида қатнашганман, Президент билан ёнма-ён ўтирганмиз. Аммо ишдан кетганимдан сўнг, пастдагилар “бирор гап бўлди шекилли” деб ўйлашганми, бирор марта бўлсин, мени байрамларга чақиришмаган. Энди буни қарангки, “Ўзбекистон мустақиллиги ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйган одамни нега Мустақиллик байрамларига таклиф қилишмайди”, дея ҳайрон бўласан. Бу ҳаётнинг паст-у баланди кўп экан-да...
Мен Ден Сяопинни кўп эслайман. Аслида Хитойни Хитой қилган айнан унинг ислоҳотлари. Маданий инқилоб даврида у одам Мао Цзедун томонидан – олисга, деҳқончилик қилиш учун сургун қилинган. Шунга қарамасдан, замон ўзгариб, Ден Сяопинь ҳокимият тепасига келгач, оламдан ўтган, ўзидан олдинги салафи Мао Цзедун ҳақида “Унинг 70 фоиз иши – адолатли, 30 фоизи эса хато эди” дея, адолатли хулоса берган. То ҳануз Хитойдаги Мао Цзедун ҳақидаги қарашлар ўзгармади. Яъни унинг яхшиликлари – қилган хатолари посангисини босиб кетади, деган қараш устувор.
Аксинча, совет Иттифоқини қулатган, абгор қилган жиҳатнинг илдизи ҳам – янги келган раҳбар ўзидан олдингисига лой чаплаши, бировининг қилган ишларини иккинчиси оёғини осмондан келтириб ташлашига бориб тақалади.
Хурсанд бўлганим – бизда Ислом Каримовнинг номи булғанмади. Аксинча, хотирасига ҳурмат бажо келтирилмоқда, номи абадийлаштирилди. Президент Шавкат Мирзиёевга қойил қолдим, мардлик қилди. Аслида бу – бизнинг келажагимиз учун жуда яхши замин. Агар ўзим Ислом ака билан бирга ишлаган даврни мисол қилиб оладиган бўлсам (ҳарқалай, беш йил ёнма-ён ишлаганман), И.Каримовнинг Ўзбекистон учун қилган ишлари Мао Цзедундан ҳам кўра тош босади, яъни 80 га – 20...
Умуман олганда, бугун зўр ўзгаришлар бўлмоқда, Ўзбекистоннинг ажойиб келажагига замин яратилмоқда. Ҳаммамиз Президент Ш.Мирзиёевга елкадош бўлиб, кўмак беришимиз лозим!..», - дея айтиб ўтди Ўзбекистон парламентининг илк раҳбари.
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024
Фото: Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
20:03 / 26.08.2024
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, қурилиш ишлари билан танишди
22:12 / 14.02.2024