Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, биринчи президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

“Ислом Каримов мамлакатимиз тарихининг ғоят мураккаб ва масъулиятли даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилди. Унинг номи мустақилликнинг қўлга киритилиши, миллий давлатчилигимизнинг тикланиши ва юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан узвий боғлиқ.

Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.

Шу маънода, мустақиллигимизнинг пойдеворини яратишга, мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга катта ҳисса қўшган инсонлар хотирасини эъзозлаш муҳим маънавий қадриятдир”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.

Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам биринчи президент ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.