Жаҳон | 08:33 / 29.04.2019
69015
2 дақиқада ўқилади

Лукашенконинг Хитойдаги саммитни барвақт тарк этишининг сабаби маълум қилинди 

Фото: belsat.eu

Беларусь президенти Александр Лукашенко Хитойда ўтган “Бир макон, бир йўл” саммитини Россия президенти Владимир Путин билан боғлиқ можародан кейин барвақт тарк этди. Бу ҳақда россиялик журналист ва телебошловчи Сергей Доренко ўз Telegram-каналида маълум қилган.

Журналистнинг айтишича, Беларусь етакчиси 27 апрелга белгиланган барча тадбирларни ўтказиб юборган. У расмий учрашувлар тугашини кутиб ўтирмай, Пекиндан жўнаб кетган.

“Кўринишича, Лукашенко самолёти муддатдан аввал Минскка учиб кетган. Унинг ўзини бундай тутишида Путинга араз сабаб. Путин у билан учрашувдан ўзини олиб қочди”, деб айтган Доренко. Бироқ у Россия президенти нима учун учрашишни истамаганига аниқлик киритмаган. 

Лукашенконинг саммитнинг 27 апрелдаги биринчи йиғилишини ўтказиб юборганига Кремль журналисти Дмитрий Смирнов эътибор қаратган. У йиғилишда Лукашенко ўрнига Беларусь вакили сифатида бошқа амалдор иштирок этган видеоёзувни эълон қилган.

Лукашенко самолётининг ҳаракатланиши ҳақидаги маълумотни PlaneFinder сайтида кўриш мумкин. “У ерда ҳақиқатан ҳам EW-001PB самолёти 26 апрель кечаси Минскка учиб кетгани кўрсатилган”, деб айтилган хабарда.

Иккинчи “Бир макон, бир йўл” саммити 25-27 апрель кунлари Пекинда бўлиб ўтди. Унда 37 та давлат президенти ва бош вазирлари, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Мавзуга оид