Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни ОТМга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида айтилишича, ҳужжат лойиҳасига кўра Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар учун республика ОТМнинг бакалавриатига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида алоҳида қабул квоталари ажратилади.

Низомга биноан кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, ажратилган алоҳида квоталар доирасида талабаликка тавсия этилади.

Лойиҳада ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар улар учун ажратилган алоҳида квоталар доирасида, танлаган биринчи ОТМ бўйича танловда иштирок этиши белгиланган.

Алоҳида квота ҳар бир ОТМнинг бакалавриатига (ҳар бир таълим шакли бўйича) ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларининг беш фоизи миқдорида белгиланиши кўрсатилган. 

Низомга мувофиқ, алоҳида квоталарнинг ОТМ кесимидаги тақсимоти ҳар йили президентнинг ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.