Адлия вазирлиги муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ва контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинаётган фуқароларни гиёҳвандлик воситалари бўйича тиббий текширувдан ўтказиш тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.

Тиббий текширув гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида ўтказилади.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган фуқаролар ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссияга юборилишидан, контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинаётган фуқаролар  эса ҳарбий-тиббий муассасада тиббий кўрикдан ўтишларидан олдин тиббий текширувдан ўтказилади.

Тиббий текширув 2 босқичда амалга оширилади. Дастлаб пешоб намунаси экспресс-тест орқали текширилади, мусбат натижа қайд этилганда эса пешоб ва (ёки) қон намуналарида масс-спектрометрик идентификация текшируви ўтказилади.

Тиббий текширув натижалари мусбат бўлган ёки зарур намуналарни топширишдан бош тортган фуқаролар ҳарбий-тиббий кўрикдан ўтказилмайди.

Тиббий текширув давомида олинган шахсга оид маълумотлар, биологик намуналар ва текширув натижаларининг махфийлиги таъминланади.