Жаҳон | 00:23 / 02.05.2019
27346
3 дақиқада ўқилади

Лукашенконинг ҳибсга олинган собиқ бош тансоқчиси Россия махсус хизматларига ишлагани маълум қилинди 

Фото: Фото: vsr.mil.by

Беларусь хавфсизлик кенгаши давлат котибининг эндиликда собиқ ўринбосари Андрей Втюрин Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати ва Федерал қўриқлаш хизмати манфаати йўлида ҳаракат қилгани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Беларусь куч тузилмаларидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда “Росбалт” нашри маълум қилди.  

Аввалроқ Втюрин 150 минг доллар пора олгани учун ҳибсга олингани маълум қилинганди.

Манбанинг айтишича, Втюрин Россия махсус хизматларига доимий равишда қандайдир маълумотни бериб турган. “У том маънода жосус эмас, унинг алоқалари унга ўтмишидан мерос бўлиб қолган”, деб айтган манба ва Втюрин Россияда ўқигани сабабли у ерда махсус хизматларда кўплаб алоқалар ва дўстлари қолган. 

“Москва ва Минск ўртасида катта можаро мавжуд бўлган вазиятда Лукашенкога яқин кишининг бундай хатти-ҳаракати – йўл қўйиб бўлмас ҳолатдир”, деб қўшимча қилган манба.

Бошқа бир манбанинг маълум қилишича, Лукашенко хавфсизлик хизматини 7 йил бошқарган Втюрин охирги 25 йил давомида Беларусь президентининг яқин атрофига кирган ва унинг оиласига яқин бўлган. “Шунчалик яқин бўлганки, президентнинг кенжа ўғли Коля том маънода отасининг тансоқчиси қўлида катта бўлган”, деб таъкидлаб ўтган манба. У, шунингдек, бундай юқори лавозимли шахс 150 минг доллар учунгина таъқиб қилина бошланганига шубҳа билдирган. Унинг айтишича, бундай юқори доираларда бундай суммалар билан олди-берди қилиш норма ҳисобланади.

1 май куни расмий Минск Лукашенко 24 апрелдаги фармони билан Втюринни “ҳарбий хизматчи номига доғ туширувчи қилмишларни содир этгани учун” лавозимидан бўшатганини маълум қилган. Бир кун аввал, 30 апрелда “Наша Нива” нашри Втюрин йирик миқдорда пора олгани учун давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган. 

Беларусь давлат хавфсизлик қўмитаси ва хавфсизлик кенгаши бу маълумотларга изоҳ бермаяпти.

Втюрин Беларусь хавфсизлик кенгашига 2014 йилда ишга ўтганча 7 йил давомида президент хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллаган. У Беларуснинг энг катта таъсирга эга одамларидан бири ҳисобланган.

Мавзуга оид