Ўзбекистон | 11:24 / 03.05.2019
8752
2 дақиқада ўқилади

Сенат ялпи мажлисида бошқарма ва ташкилотлар ҳалиям Нурафшон шаҳрига кўчирилмагани танқид қилинди

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг январида Тошкент вилоятига амалга оширган ташрифлари давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банкларининг Тошкент вилояти бошқармалари ҳамда ташкилотларини Нурафшон шаҳрига кўчириш вазифаси қўйилган эди.

3 май куни ўз ишини бошлаган Сенат ялпи мажлисида раис Ниғматилла Йўлдошев «орадан бир йил-у, уч ой вақт ўтганига қарамасдан, фақат вазирлик ва идораларнинг 20га яқин бошқармалари Нурафшонга кўчирилмагани»дан ажабланди.

«Жойида ўтказган ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, айниқса, молия, солиқ, статистика, бандлик ва меҳнат муносабатлари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ветеринария назорати бошқармалари каби тузилмаларнинг амалда кўчирилмагани:

биринчидан, вилоят ҳокимлиги учун кўплаб қийинчиликлар ва муаммоларни келтириб чиқармоқда;

иккинчидан, мазкур тузилмалар бевосита масъул ва жавобгар бўлган соҳалардаги айнан ҳудудларга хос бўлган, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга сунъий тўсиқ бўлмоқда; 

учинчидан, бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат идораларини халққа яқинлаштириш ишларига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда», - дейди Йўлдошев.

Эслатиб ўтамиз, 19-ялпи мажлисида Тошкент вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тингланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид