Нурафшон шаҳар ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджонов ўз ходимларини ҳақоратлаган хизмат текшируви давомида ўз тасдиғини топди ва у ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ёшлар ишлари бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 18 август куни, Аҳмаджонов ёшлар етакчилари иштирокида ўтказган йиғилишда рўй берган. У “хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузиб, кескин ҳамда ҳақоратомуз муносабатда бўлган”.

Шунингдек, хизмат текшируви давомида М.Мирмаҳмудовичнинг иш фаолиятида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

“М.Мирмаҳмудович билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Иш фаолиятидаги аниқланган камчиликлар юзасидан текширувлар давом этаётган бўлиб, натижалари юзасидан тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тизимда фаолият юритаётган барча раҳбар ва ходимлардан хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, меҳнат жамоасида соғлом муҳитни таъминлаш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, хизмат одоби ва касбий этика талабларига қатъий риоя этиш талаб этилади”, – дейилади Тошкент вилояти ёшлар ишлари бошқармаси ахборотида.

Тизимдаги ходимлар ўзларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳолатларга дуч келса, бу ҳақда юқори турувчи раҳбарларга мурожаат қилиши мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Маълумот учун, 31 ёшли Миркарим Аҳмаджонов Ёшлар ишлари агентлиги Нурафшон шаҳар бўлими бошлиғи лавозимига жорий йил феврал ойида тайинланган. Тайинловга қадар у Нурафшон шаҳридаги Тараққиёт маҳалласида ёшлар етакчиси лавозимида ишлаган.