Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг янги барпо этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароитлар билан танишди.
Тошкент вилоятида илк маротаба ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига комплекс хизматларни бир жойда кўрсатиш имкониятига эга.

У ерда 5 та муассаса – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, ҳудудий Ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази жойлаштирилган.
Мажмуа барпо этилиши ҳисобига ҳар йили Нурафшон шаҳри ҳамда унга яқин бўлган Ўрта Чирчиқ, Пискент, Оққўрғон ва Бўка туманларида 10 мингга яқин фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.

Мазкур муассасада 100 нафарга яқин ходим фаолият юритиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг жамиятга тўлақонли ва мустақил мослашишига кўмак берилади.
Шунингдек, ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида фуқароларнинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда нодавлат сектор имкониятларини кенг жалб этиш орқали 5 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилган.

Натижада кўп йиллар уйида ўтириб қолган ва ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтожлар, ногиронлиги бўлган болалар жамиятга интеграция қилинади.
Давлат раҳбари шу ернинг ўзида ногиронлиги бўлган шахсларни янги стандарт ва сунъий интеллект ёрдамида ташхислаш, Тошкент вилоят тажрибаси асосида маҳалладаги ижтимоий ходимларнинг янгича ишлаш механизмлари тақдимоти билан танишди.
Президент мазкур Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга муносиб мослашиши ҳамда ижобий руҳият билан яшашига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.










