АПЛда тўртинчи ўринни олиб ҳам ЕЧЛдан қуруқ қолиш мумкинми?
Англия Премьер-лигасида кучли тўртлик учун кураш давом этмоқда ва турнир жадвалидаги бугунги ҳолат ҳали ҳеч нарсага аниқлик кирита олмайди. Зеро. «Арсенал» сўнгги уч ўйинни бой берди, «Манчестер Юнайтед» эса, 9 очколик имкониятдан атиги бир очко қўлга киритди. «Тоттенҳэм» охирги икки ўйинида ютқазди, «Челси» эса икки ўйинда дуранг ўйнади. Яъни бу ҳолатда бу жамоаларнинг ҳеч биридан сўнгги турларда юз фоизлик натижа кутиш ҳам қийин.
«Тоттенҳэм»нинг ЕЧЛда, «Арсенал» ва «Челси»нинг Европа Лигасида иштирок этаётгани эса, бу борада бошқа вариантларни ҳам тақдим этмоқда ва агар бу жамоалардан иккиси еврокубокларда ғолиб чиқиб, ЕЧЛга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишса, ички чемпионатдаги ҳолат қандай бўлиши, кимлар ва нечта жамоа ЕЧЛ иштирокчисига айланиши ҳақида саволлар кўп. Шу саволларга жавоб берамиз.
Ростдан ҳам ЕЧЛ ва Европа Лигаси ғолиблари келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Эсингизда бўлса, икки йил олдин «Манчестер Юнайтед» Европа Лигасини ютган ва кейинги йили ЕЧЛда иштирок этиш йўлланмасига эга чиққанди. Ўшанда ЕЧЛда Англиядан беш жамоа иштирок этган.
Аммо агар жамоа ҳам еврокубокда ғолиб чиқса ва ҳам ички чемпионатда кучли тўртликка кирадиган бўлса, унинг бир йўлланмаси бошқа жамоага, яъни масалан, чемпионатда бешинчи ўринни олган клубга берилмайди. Икки йил олдин АПЛдан беш жамоа қатнашганининг сабаби, «Манчестер Юнайтед» АПЛда олтинчи ўринни қўлга киритганди. Демак, агар «Арсенал» Европа Лигасида ғолиб чиқиб, АПЛда бешинчи ёки олтинчи ўринни оладиган бўлса, юқоридаги тўрт жамоага қўшилиб, ЕЧЛ иштирокчисига айланади. Агар «Арсенал» лигада ҳам тўртликка кирса, у ҳолда келаси мавсумда ЕЧЛда 4 жамоа қатнашади.
Яна бир қизиқ ҳолат борки, АПЛда 4-ўринни олиб ҳам ЕЧЛсиз қолиш мумкин. ЕЧЛ регламентига кўра, бир лигадан турнирда максимум беш жамоа қатнашиши мумкин. Ҳозирда эса, АПЛда тўртликка кира олмайдиган икки жамоанинг еврокубокларда ғалаба қозониш имконияти бор.
Тасаввур қилинг, «Тоттенҳэм» ЕЧЛни, «Арсенал» эса, Европа Лигасини ютиб олади ва ҳар икки жамоа ҳам бу билан келаси мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Агар шу билан бирга, бу жамоалар АПЛда кучли тўртликка кира олмаса, яъни бешинчи ва олтинчи ўринни эгаллаган бўлишсачи? У ҳолда Англия чемпионатида 4-ўринни олган жамоа ЕЧЛда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва Европа Лигасига равона бўлади.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024