Асл ғаввос бўлсанг дурни кўргайсан,
Соф бўлсанг, кетар чоғ ҳурни кўргайсан.
Ҳаммаёқ зулмат, деб шикоят қилма —
Ўзингда нур бўлса, нурни кўргайсан.
Машҳур режиссёр Георгий Данелиянинг «Афоня» номли комедия жанридаги фильмини ҳамма билади. Қайта-қайта томоша қилсангиз ҳам зерикмайсиз. Шу фильм қаҳрамонини ишхонасида безорилиги учун муҳокама қилишадиган жойи бор. Минбарда ўтирган раҳбар милициядан келган хатни ўқиб эшиттиради ва йиғилганлардан фикр билдиришларини сўрайди. Ҳеч нарсани эшитмай газета ўқиб ўтирган ходимни орқа томонида ўтирган ходим секингина туртиб, «сен гапир» дейди. У ўрнидан туриб бутунлай бошқа нарса тўғрисида гапиради. Раҳбар «Боршов тўғрисида нима дейсан», деб сўрайди. Орқадаги ходим ташаккур билдириш керак, деб унга айтади. У ҳам бир оз гарангсиб, ташаккур эълон қилинсин, деб юборади. Залда енгил кулгу кўтарилади.
Фильмда масаланинг моҳиятини тушуниб етмасдан, бошқа бировнинг гапи билан фикр билдириш кулгули қилиб кўрсатилади.
ЎзА журналисти Шерали Отабоевнинг Uza.uz сайтида эълон қилинган мақолаcини ўқиб юқоридаги фильмни эсладим. Тўғри, ҳар бир ҳолат юзасидан ҳар ким ўз фикрини билдириши мумкин. Танқид қилиш ҳам фойдадан холи бўлмайди, қачонки у асосли ва аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлса. Аммо мақола билан танишиб чиқиб, у юзаки, ҳеч қандай далилларга асосланмаган ҳолда, фақатгина кўча-кўйда эшитилган гаплар асосида ёзилганга ўхшайди, деган фикрга келдим.
Мустақилликка эришган дастлабки йилларда республикамиз ҳудудида 16–17 мингтагача йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилар эди. 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 8-9 мингтагача камайди. Эътибор қилинг: тенг ярмига камайди. Мамлакатимиз фуқаролари ва уларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларининг сони кундан-кунга ошиб бораётган бир шароитда! Ўтган асрнинг 90-йилларидаги автомототранспорт воситалари сони ҳозирги кунга келиб бир неча баробарга ошиб кетди.
Йўл-транспорт ҳодисалари эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлиги ошиб бораётганлиги, қонун-қоидаларимиз замон талаблари даражасида қайта ишланиб, тўлдириб борилаётгани эвазига камаймоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бу борада жуда катта ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Мана, бир мисол: Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси» ва «2018–2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» соҳада улкан ўзгаришлар, тизимда туб бурилиш ясашга хизмат қилмоқда.

















