Xiaomi Хитойда гибрид модел — етти ўринли Skynomad N90 Max сотувини йўлга қўйди, деб хабар берди CarNewsChina.
Модел кетма-кет гибрид (EREV) турига мансуб: бензинли двигател фақат генератор вазифасини бажаради, ҳаракатланишни эса электромоторлар таъминлайди.

N90 Max — катта 7 ўринли кроссовер бўлиб, узунлиги 5285 мм, ғилдирак базаси эса 3080 мм ни ташкил этади. Аэродинамик қаршилик коэффициенти 0,255 га тенг, бу катта кроссовер учун паст кўрсаткич ҳисобланади. Олд қисмида хочсимон безакли ва 624 метр масофага ёритувчи «Ниначи» фаралари ўрнатилган.
Капотда чуқурлиги 750 мм гача бўлган сув тўсиқларидан ўтиш имконини берувчи ҳаво йиғгич кўзга ташланади, ҳатто автомобилнинг сувда муаллақ тура олиш қобилиятига эгалиги ҳам айтилган.

Салон безаги учун уч хил вариант таклиф этилади: керамик-қаймоқ, қора ва мокко-жигарранг. Ўриндиқлар жойлашуви — 2+2+3, трансформациянинг 11 та варианти ва 1831 литр юкхона ҳажми мавжуд.
Олдинги ва иккинчи қатордаги ўриндиқлар вазнсизлик ҳолати, массаж, вентиляция ва иситиш режимларига эга бўлди. Марказий оролча ҳаракатланувчан бўлиб, йўналтиргичларга ўрнатилган ва ичига 9 литрли музлаткич жойлаштирилган. Мултимедиа тизими HyperOS бошқарувидаги Qualcomm 8650 чипига асосланган 16,1 дюймли экрандан иборат.

Двигател 1,5 литрли турбомотор-генератор ва иккита электромоторни ўз ичига олади — уларнинг умумий қуввати 421 от кучини ташкил этади. Фақат электр қувватидаги юриш масофаси — 464 км (CLTC), умумий юриш масофаси эса — 1705 км.
Хавфсизликка келсак, кроссовер 12 та хавфсизлик ёстиқчаси ҳамда Nvidia Thor (700 TOPS) чипи ва Xiaomi HAD XLA когнитив моделидаги автопилот билан жиҳозланган. Шунингдек, катта йўл ва шаҳар ичида ҳаракатланиш учун навигация ёрдамчиси ҳамда автоматик парковка функциялари қўллаб-қувватланади.

















