«Фейсбук» қаҳрамонсиз, интернет мавзусиз қолмайди. Сўнгги кунларнинг тренди рус тилига давлат тили мақоми берилиши бўйича чақириқ бўлди.

Ватанпарвар ўз ҳисларини тўкиб сочди, миллатпарвар ўзбекнинг нақадар улуғлигини ҳар жабҳада билдирди, тилшунос бунинг салбий оқибатларини батафсил кўрсатиб ўтган бўлса, амалсиз сиёсатчи асл сиёсий мақсадларни очиб ташлади. Киройи халқни бирлаштирувчи бирор акция бунчалик бўлмас...

Лекин шу ўринда бир савол туғилади: нега бир гуруҳ «ақлли»нинг таклифи бизда бу қадар кучли реакция уйғотди?

Фикримча, бунинг бир неча сабаблари мавжуд:

1. Тиббиётда аллергик касалликлар бор. Улар қўзғалиши учун оддий бир чанг ҳам, ҳид ҳам кифоя қилади. Организмдаги яшириниб ётган дард битта ари чақишидан қўзғалиб, инсон бирпасда бўғилиб ўлиб қолиши мумкин. Бу таклиф ҳам аллергия сингари бизнинг дардларимизни очиб берди, оддий бир омил ҳам бизни мураккаб ҳолатга тушириб қўйиши мумкинлигини билдирди;

2. Тил масаласида патриотизм кўрсатиш азалдан ўзига хос «мода» бўлган. Сабаби, мустақилликнинг илк эпкини айнан мана шу масалада чиндан бўй кўрсатган. Миллий ғурур ҳам тилга давлат мақоми берилишида бир қўзғалиб олган. Ўшанда ватанпарварлик жўш уриб қатор чиқишлар қилинган. Аммо кейинчалик асл мақсадга эришилган бўлса-да, ҳаммаси қия кетди. Бу ҳақда қуйироқда;

3. Бу ташаббус шунчаки уч-тўрт ойпарастнинг фикри эмасди. Ортида конкрет мақсад борлиги ёш болага ҳам аён эди. «Катта оға» тарафдорга, таъсир доираси кенгайишига ёки ҳеч бўлмаганда тораймаслигига ҳар қачонгидан-да муҳтож кунлар бугун. Ғалаба байрами, арзимас мато бўлган лента ҳам сиёсий инструмент бўлганида бутун бошли бир давлатда ўз тилини ўтказишни ким ҳам хоҳламайди?;

Бу омилларнинг ҳаммаси тушунарли. Лекин асосий муаммо барибир очилмай қолаверади: нега бу ташаббус жамиятни бу қадар зирқиратиб юборди?

Сабаби оддий – жамиятнинг ўзи ўз тилини хор қилишга улгуриб бўлганди!

Бир вақтлар тил деб кўксига муштлаган зиёлиси кейинчалик икки алифбога худди икки эгарга ўтиргандай ўтириб кўпкарига кирганида, асл ватанпарварликни, ҳурликни сўзга олган ҳамкасби бадарға қилинганида мум тишлаганида, таълим порахўрликка қоришганида ўзи ҳам шу бўҳрондан бир улуш ундириш учун ташланганида ўзбек тилига салмоқли путур етиб бўлганди.

Ёшлари равон тилли, мазмунли суҳбат ўрнига кирилл-у лотин аралаш «онлайн мулоқот»ни афзал билганида, «одно» тилида «ваwwе оборвотганида» ботқоқ торта бошлаганди бу тилни.