Ўтган асрнинг 90-йилларида PPP (public-private partnership) атамаси вужудга келди. Тушунчанинг асл моҳияти шундаки, бунда давлат ва хусусий сектор мамлакат инфратузилмасини яхшилаш ва сифатли давлат хизматларини амалга оширишда ўзаро бирлашади. Бундан кимга фойда? Иккала сектор алоҳида фаолият юритганда ҳам улкан натижаларни қўлга киритиш мумкин, дегувчилар ҳам бор. Хулоса қилишга шошилмаслик лозим. Ҳукумат ҳамма соҳаларга бирдай эътибор қаратиб, маълум миқдорда маблағ ажратиши имконсиз. Шундай шароитда иқтисодиётни мустаҳкамлаш, қатор ижтимоий соҳаларни оёққа турғазиш, шу орқали фуқаролар фаровонлигини ошириш вазифаси турибди. Хўш, ушбу вазиятда давлат кимдан кўмак олиши мумкин? Албатта, молиявий жиҳатдан бақувват бўлган хусусий сектор мавжуд вазиятни яхши томонга ўзгартиролади. Шерикчилик нафақат фуқаролар ҳаётини фаровон қилади, балки иккала томон учун харажатларни камайтириб, фойда ошишига ҳисса қўшади.

Жаҳон Банкининг 2018 йил якунлари бўйича тақдим этган ҳисоботларига кўра, дунёнинг 135 та мамлакатида давлат-хусусий шерикчилик механизмларидан фойдаланиб келинмоқда. Умумий инвестицион лойиҳаларнинг 15-20 фоизи айнан давлат-хусусий шерикчилиги ҳиссасига тўғри келяпти. 1990-2012 йиллар давомида ушбу жабҳага ажратиладиган ўртача маблағ қиймати қарийб 200 млрд. АҚШ долларига етди.

Ўзбекистонда ушбу амалиётни жорий қилиш мумкинми? Бу қанчалик ўзини оқлай олади? Ҳали бу соҳада тажрибага эга бўлмасдан туриб йирик лойиҳаларни амалга ошириш мумкинми? Ўттиз йиллик жаҳон тажрибасини ўзлаштириш учун қандай вазифаларни бажариш лозим?

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикчилиги агентлиги раҳбари Ғолиб Холжигитов агентлик фаолияти, лойиҳалар кўлами ва бошқа муҳим маълумотларни тақдим этди.

«Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари аввалдан амалга ошириб келинарди, аммо...» 

Давлат-хусусий шерикчилиги соҳаси Ўзбекистон учун янги бўлса-да, бу соҳада қонунчилик базаси ишлаб чиқилишидан олдин айрим йўналишларда давлат-хусусий шерикчилиги лойиҳалари бўлган. Амалиётда бу тажрибадан мактабгача таълим муассасаларини қуришда фойдаланилган. Лекин бу кенг тармоқ бўлиб ривожлантирилмаган. Демак, бу борада оз бўлса ҳам тажрибага эгамиз.

Давлат-хусусий шерикчилиги иқтисодиётга қандай таъсир қилади?

Энг аввало, харажатлар қисқаради. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, давлат-хусусий шерикчилиги бўйича лойиҳаларнинг умумий харажатлари, тўғридан-тўғри битим бўйича лойиҳаларга нисбатан 20-30 фоизгача қисқаради. Бу ниманинг ҳисобига бўлади? Давлат-хусусий шериклик лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш, унга кетадиган харажатларнинг чуқур таҳлили, қулай ҳудудни танлаш, малакали мутахассисларни жалб қилиш барчасини ўз зиммасига олади. Бошқача айтганда, давлат хизматлари бепул амалга оширилади. Хусусий сектор эса мавжуд хавф-хатарни бўйнига олиб, лойиҳани молиялаштиради. Энг асосийси, давлат ушбу лойиҳаларни тартибга солишда ўз ваколатларини сақлаб қолади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида давлат томонидан қўшиладиган ҳисса хусусий шерик мажбуриятлари орқали қопланади.