Харита Жаҳон савдо ташкилотининг 2024 йил учун эълон қилинган сўнгги мавжуд маълумотлари асосида тайёрланган. Статистикада фақат товарлар экспорти ҳисобга олинган бўлиб, хизматлар экспорти киритилмаган.
Маълумотлар мамлакатларнинг экспорт таркиби уларнинг табиий ресурслари, географик имкониятлари ва иқтисодиётнинг ривожланиш даражасига қараб кескин фарқ қилишини кўрсатади.

Хусусан, табиий ресурсларга бой кўплаб давлатларда нефт ва газ асосий экспорт маҳсулоти бўлиб қолмоқда. Канада, Нигерия ва Саудия Арабистони жаҳон нефт бозорининг йирик иштирокчилари ҳисобланади. Жазоир, Россия ва Қатар экспортида эса улкан табиий газ захиралари муҳим ўрин тутади.
Айрим мамлакатларнинг ташқи савдоси бошқа турдаги қазилма бойликларга таянади. Масалан, Чили ва Перу тарихан миснинг йирик ишлаб чиқарувчилари саналади. Сўнгги йилларда ушбу мамлакатлардаги катта литий захиралари ҳам жаҳон бозори учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Литийга бўлган талабнинг ортиши, хусусан, замонавий аккумуляторлар ва электр транспорт воситалари саноатининг ривожланиши билан боғлиқ.
Австралия иқтисодиётида темир рудаси муҳим экспорт ресурсларидан бири ҳисобланади. Конго Демократик Республикаси эса кобалт ва колтан каби қимматли фойдали қазилмаларнинг йирик захиралари билан ажралиб туради.
Қишлоқ хўжалиги учун қулай шароитга эга мамлакатларда эса экспортнинг асосий қисмини озиқ-овқат ва аграр маҳсулотлар ташкил этади. Аргентина, Бразилия, Миср, Испания ва Украина шундай давлатлар қаторига киради. Уларда унумдор ерлар ва ривожланган қишлоқ хўжалиги ташқи савдонинг муҳим манбаларидан бирига айланган.
Шу билан бирга, вақт ўтиши билан табиий ресурсларга бой давлатларнинг бир қисми фақат хомашё қазиб олиш ва сотишга асосланган иқтисодиётдан босқичма-босқич узоқлашмоқда. Саноатлашув ва технологик тараққиёт мамлакатларга юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконини бермоқда.
Натижада айрим иқтисодиётларда нефт, газ ёки минерал хомашё ўрнини машиналар, саноат ускуналари, электроника ва бошқа тайёр маҳсулотлар эгаллаб бормоқда. Бу эса мамлакатнинг экспортдан оладиган даромадини ошириш ва иқтисодиётни хомашё нархларига боғлиқликдан қисман халос қилиш имконини беради.
















