Visual Capitalist тақдим этган рейтингда «Катта йигирматалик» — G20 аъзолари 2026 йилдаги реал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнози бўйича таққосланган. Материалда қайд этилишича, ҳисоб-китобларга Халқаро валюта жамғармасининг World Economic Outlook ҳисоботи янгиланишидаги прогнозлар асос қилиб олинган.

Геосиёсий низолар ва таъминот занжирларидаги узилишларга қарамай, жаҳон иқтисодиётининг 2026 йилда 3 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бироқ йирик иқтисодиётларнинг ўсиш суръатлари бир-биридан сезиларли фарқ қилади.

Реал ЯИМ ўсиши инфляция таъсирини ҳисобдан чиқаради. Шу боис бу кўрсаткич ишлаб чиқарилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажмидаги ўзгаришни баҳолашга ёрдам беради.

2023 йилда G20 аъзосига айланган Африка Иттифоқи рейтингга киритилмаган. Материалда бу бирлашма ягона иқтисодиёт ёки умумий бозор эмаслиги билан изоҳланган.

Осиё мамлакатлари етакчилик қилмоқда

Рейтингнинг юқори ўринларини Осиё давлатлари эгаллаган. Ҳиндистон иқтисодиёти 6,4 фоизга, Индонезияники 5 фоизга, Хитойники эса 4,6 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Ҳиндистонда ўсишни йирик давлат инвестициялари ва барқарор истеъмол харажатлари қўллаб-қувватламоқда.

Материалда келтирилган прогнозга кўра, Ҳиндистон 2026 йилда дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари орасидаги олтинчи ўриндан 2031 йилга бориб учинчи ўринга кўтарилиши мумкин. Банкир Жейми Даймон ҳам Ҳиндистон иқтисодиёти яқин ўн йилда уч бараварга ўсиши мумкинлигини айтган.

Индонезия табиий ресурслари ва хомашё нархларининг юқорилигидан фойдаланиб, мамлакат ичида қайта ишлаш саноати ҳамда инфратузилмани ривожлантирмоқда.

Ушбу уч мамлакат орасида иқтисодиёти энг йириги бўлган Хитой учун 4,6 фоизлик ўсиш аввалги ўн йилликлардаги суръатлардан анча паст. Кўчмас мулк бозоридаги заифлик ва кучайиб бораётган демографик босим иқтисодий ўсишни чеклаётган омиллар сифатида кўрсатилган.

Европада ўсиш суст бўлиши кутилмоқда

Европа мамлакатлари рейтингнинг қуйи қисмида кўпроқ ўрин олган. Прогнозга кўра, 27 давлатни бирлаштирувчи Европа Иттифоқи иқтисодиёти 1,2 фоизга, Россия иқтисодиёти эса 1,1 фоизга ўсади.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг айрим ўрта ҳажмли иқтисодиётларида, хусусан, Польша ва Испанияда ўсиш суръатлари юқорироқ бўлиши кутилмоқда.