Филипп Брайант: АҚШ Ўзбекистонга катта ишонч билан қарайди
Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант Ўзбекистон раҳбари билан учрашувдан сўнг ЎзА мухбирига интервью берди.
– Президент Шавкат Мирзиёев билан халқаро бозордаги ҳамкорлигимиз, хусусан, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хориж инвестициясини жалб этиш йўллари, илғор технология имкониятларидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашиш каби масалалар юзасидан фикр алмашдик.
Миссисипи штати қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу йўналишда Ўзбекистон фермерлари билан алоқа ўрнатиш, улар етиштирадиган маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқиш борасида ҳамкорлик қилиш мумкин.
АҚШ Ўзбекистонга катта ишонч билан қарайди. Мамлакатингиз фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда, бу ерда янги эркинлик туйғуси ҳукмронлик қилмоқда. Мамлакатингиз бизнесни ривожлантириш учун ўз эшикларини кенг очган.
АҚШнинг «SilverLeaf International» компанияси ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма корхона ташкил этиш бўйича мамлакатингизнинг тегишли идоралари билан келишув имзолаган эди. Янги қўшма корхона пахтани илғор технологиялар асосида етиштириш ва хом ашёни қайта ишлаб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Биз, шунингдек, балиқчилик соҳасида ҳам иш юритамиз. Бу борада мамлакатингиз билан техника ва технологиялар, тажриба алмашишимиз, шу тариқа икки мамлакат иқтисодиёти ривожига улкан ҳисса қўшишимиз мумкин.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан тажриба ва кенг имкониятларга эга. Мамлакатингизда агробизнесни тараққий эттириш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Биз Ўзбекистоннинг соҳага оид университет ва коллежлари билан ҳам ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.
Ўзбекистонга ташриф доирасида Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида бўламиз. Жойларда юртингизнинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари билан бевосита танишиш ниятидамиз.