«Атлетико» француз ҳужумчиси клубдан кетишга қарор қилгани ҳақида расман эълон қилди.

Гризманнинг кетиш қарори қандай маълум қилинди?
Антуан Гризманн «Атлетико»ни тарк этади! Мадридликлар клуби матбуот хизмати расмий сайтида, француз ҳужумчиси клуб бош мураббийи Диего Симеоне ва клуб бош директори Мигель Анхель Хиль Марин билан учрашув ўтказгани, учрашувда у раҳбариятга мавсум якунида клубни тарк этишини маълум қилгани ҳақида расмий хабар берилди.

«Бу ғаройиб 5 йил бўлди, барчаси учун катта раҳмат, сиз ҳамиша қалбимда қоласиз», — дея Гризманнинг сўзларини келтирди клуб расмий сайти.

Ҳеч кимга сир эмаски, Гризманн фаолиятини «Барселона»да давом эттиради. Каталонлар клуби «Атлетико»га футболчининг шартномасида кўрсатилган бадал пули миқдорини тўлашга тайёр. Норасмий маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 1 июлида бадал пули миқдори 200 млн евродан 120 млн еврогача тушади. Mundo Deportivo маълумотига кўра, бу трансфердан «Реал Сосьедад» ҳам 20 фоизлик улуш (24 млн евро) олиши мумкин.

Don Balon берган маълумотга кўра эса, «Барселона» ва «Атлетико» футболчиларини алмаштиришга келишган. Испания чемпионлари «матрасчиларга» 28 ёшли француз учун ўз яримҳимоячиси Филиппе Коутиньони таклиф қилган. Бразилиялик футболчи ҳам Мадридга ўтишга рози бўлган.

Гризманнинг «Атлетико»даги фаолияти қандай кечди?
Гризманн «Атлетико»да 5 мавсум ўтказди. 2014 йилнинг июлида мадридликлар клуби уни «Реал Сосьедад»дан 30 млн евро (Transfermarkt маълумоти) эвазига сотиб олганди. Француз футболчиси ўтган мавсумлар давомида клуб сафида барча турнирлар доирасида 256 ўйинда майдонга тушди ва 133 гол уриб, 50 голга узатма берди. 

«Атлетико» сафида Антуан учта соврин эгаси бўлди – 2017/18 йилги мавсумда Европа Лигаси, 2018 йилда УЕФА Суперкубоги ва 2014 йилда Испания Суперкубоги. 2016 ва 2018 йилларда Гризманн France Football томонидан «Олтин тўп» учун номзодларнинг уч кишилик рўйхатига киритилди. 2016 йилда уни Криштиану Роналду ва Лионель Месси, 2018 йилда эса – Лука Модрич ва Роналду ортда қолдирди.

Диего Симеоне жамоасида у Европа футболининг ҳақиқий юлдузига айланди. «Ўйлайманки, мен ҳозирда Месси ва Роналду билан бир столдаман. Биламан, жаҳон футболида яна ажойиб футболчилар пайдо бўлади ва англаб тураманки, ривожланишда давом этиш керак. Бу мен учун стимул», деганди у ўтган йилнинг сентябрида. Энди француз Месси учун ишлайди.

Нима учун Гризманнинг трансфери бир йил олдин амалга ошмаганди?