Ҳар йили Зулфия номидаги давлат мукофотининг ўз эгаларига дабдаба-ю, асъаса билан топширилиш жараёни ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидаги резонансли муносабатларга уланиб кетади. Қизиғи, билдирилган фикрларнинг аксарияти (ҳаммаси десак ҳам муболаға бўлмас) норозилик кайфиятида танлов адолатсиз ўтганлигининг таъкиди сифатида жаранглайди. Лекин буларнинг барчаси, таъбир жоиз бўлса, «карнинг қулоғига танбур чертишга» ўхшайди. Чунки эътирозлар ўз манзилига етиб бормайди, ёинки эшитиб, эшитмаганликка олинади.

Бу гал ҳам худди шу томошани кўрдик. Ҳамма ёқда бонг урилди, эътирозлар билдирилди, асослидир-асоссиздир таклифлар берилди. Лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, ўзгарадиганга ҳам ўхшамаяпти. Бу сафар ҳам 11 ой жим юриб, март келганда яна айюҳаннос соламизми? Нега бу танлов атрофидаги фикрларнинг барчаси салбий? Ундан ҳам муҳимроқ савол: нега эътирозлар айтилган ва ёзилган жойида ўз ҳолича қолиб кетяпти?

Ҳусан Карвонли, « Маърифат» газетаси бош муҳаррири:

─ Зулфия номидаги давлат мукофотини бериш тўғрисидаги низомга кўра, мамлакатнинг ҳар бир ҳудудига, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига 2тадан квота ажратилган. Кўпчиликда «Зулфиячилар» га нисбатан хайрихоҳлик муносабатининг шаклланмаслигига, яъни улардан аксариятининг савиясидан зиёли қатламнинг кўнгли тўлмаслигига мана шу квоталар « айбдор» . Яъни 3 миллиондан зиёд аҳолиси бор Андижондан ҳам, 800 минг аҳолиси бор Сирдарёдан ҳам ҳар йили 2 нафардан қиз мукофотни олади. Ҳудудларга бир хил квота берилиши савияли номзодларнинг четда қолиб кетишига сабабчи бўлади. Муаммонинг ечими бор: худди фан олимпиадаларидаги каби ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан ғолиб республика босқичига келади. Якуний босқичда қайси ҳудуддан бўлишидан қатъи назар муносиб номзодлар ғолиб дея эътироф этилади.

Шаҳноза Тўрахўжаева, блогер:

─ Зулфия номидаги давлат мукофоти имтиёзи кўп мукофот. Яна ёш қизчаларга таваккалига, кредит сифатида бериладиган мукофот. Энди ўйлаб кўрайлик: қарийб 20 йилдан бери берилган шу кредитларнинг қанчаси қайтди? Мукофот олган 300га яқин қизнинг нечтаси бугун илғор қизга айланди? Қанча олима, депутат, раҳбар, чемпион, тадбиркор...аёл етишиб чиқди улардан? Биз шу мукофот орқали қизларни рағбатлантиряпмиз, улардан келажакда етакчи, илғор аёллар етишиб чиқишига замин яратяпмиз, деб ўзимизни алдамаяпмизми?

Танлов жараёнининг шаффофлиги масаласида бир неча таклифларим: иштирокчиларнинг ҳужжат топширишини электрон шаклга ўтказиш, танловни онлайн тарзда ўтказиш (бунинг учун махсус портал очиш), танлов ҳайъати таркиби ва баҳолаш жараёни ҳам очиқ бўлиши керак, ғолибларнинг грант асосида ўқишга кириши масаласини қайта кўриб чиқиш лозим.