Бугун, 17 май куни Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева хотирасига бағишланган «Қанча шонинг бўлса ватанни кўтар» номли тадбир ташкил қилинди.
Хотира тадбирида шоир ва ёзувчилар, санъат ва илм-фан соҳаси вакиллари, шоиранинг оила аъзолари ва мухлислари, ёшлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.


Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сўз олганлар Ҳалима Худойбердиеванинг ижодий ва меҳнат фаолияти, ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссаси ҳақида ўз фикрларини билдиришди, шунингдек, шоиранинг шеърларидан ўқилди.
— «Ижоднинг маҳсули ижодкордан баланд бўлолмайди. Кишининг шахси қанчалик бутун бўлса, унинг ижоди ҳам бутун, шахсияти бутун бўлмаган кишининг эса ижоди ҳам номукаммал бўлади.
Ҳалима Худойбердиева ўзбек адабиётида шахси бутун ижодкорлардан бири эди. Шоира жуда йирик туйғулар эгаси эди. У киши нафақат ўзи, балки дунёларга сиғмай кетган туйғуларини шеърларида акс эттиришга ва ўша туйғулари орқали жамиятни, миллатни юксалтиришга, ернинг балчиқлари ва ернинг кирларидан уни узишга, сен ҳам инсонсан, сен ҳам буюк ишларга муносибсан, деган туйғуни уларнинг кўнглига сиғдиришга ҳаракат қилган ва бунинг уддасидан чиққан шоира эди.
Тўғрисини айтсам, биз ва бизнинг адабиётшунослигимиз ҳали Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди сувланган манбааларини, қайноқларини ва унинг айнан шу тарзда ёзишига сабаб бўлган омилларни, илдизларни топа олганимиз йўқ.
Шоирага фақат Абдулла Ориповгина ўзининг доҳиёна баландлигидан туриб, «Туркистон онаси» деб берган таърифи қолди», – дейди педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев. — Ҳалима Худойбердиева – юрагида йўлбарс ўкириб, сиртдан майин жилмайган, йирик шахсият эгаси эди. Аммо шундай кучли туйғуларини ҳам ўзбек аёлига хос тарзда, андиша билан айтарди.


Хотира тадбирида шоиранинг шеъриятга бўлган садоқати ҳам эътироф этилди. Жумладан, Ҳалима Худойбердиеванинг синглиси Раҳима Худойбердиеванинг айтишича, шоира «бошида қора булутлар кезган йиллар» давомида ҳам шеъриятдан воз кечмаган, ёзишдан тўхтамаган.




















