5 май куни Суперлигада 7-тур ўйинлари якунланди. Кетма-кет 5 ўйинда ғалаба қозонган «Локомотив» бу турда очко йўқотди. Бундан фойдаланган «Пахтакор» ўз майдонида «Металлург»ни енгди ва «темирйўлчилар» билан орадаги фарқни 3 очкога етказиб олди. Мағлубиятсиз серия қайд этаётган «Бунёдкор» бу турда «Қизилқум» меҳмони бўлиб, кутилмаганда мағлубиятга учради. Қуйида Суперлига 7-турининг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.
Ҳафта ўйини: «Андижон» - «Динамо».

Ўтган турда «Динамо» - «Навбаҳор» учрашувини ҳафтанинг энг яхши ўйини деб топгандик. Бу турда ҳам «Динамо» иштирокидаги ўйинни шу номга муносиб деб топдик. Чунки асосан қуйи лигада ўйнаб юрган футболчилардан ташкил топган Даврон Файзиев жамоаси қувноқ ўйин кўрсатмоқда.
Андижондаги ўйинда мезбонларнинг имкониятлари юқорироқ баҳоланаётганди, чунки таркиб борасида «Андижон» самарқандликлардан яхшироқ имкониятга эга. Аммо «Динамо» ўйин борасида андижонликлардан қолишмади. Айниқса иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун ҳаракат қилган самарқандликлар устунликка эга бўлишди.
Ўйиндаги барча голлар чиройли урилди десак тўғри бўлади. Ҳисобни меҳмонлар яримҳимоячиси Шоҳрух Абдураҳмонов очди. У «Динамо»нинг қарши ҳужумини чиройли гол билан якунланди. «Андижон» кўп ўтмай ҳисобни тенглаштирди. Ўнг қанотдан узатилган тўпни Абрур Ҳусинов бош билан узоқ бурчакка жойлаб қўйди.
Мезбонларнинг иккинчи голига Шаҳзод Убайдуллаев муаллифлик қилди. Ҳужумдаги шериги Рўзимбой Аҳмедовдан тўпни қабул қилиб олган Шаҳзод ажойиб техника кўрсатиб, Ботрали Эргашевни доғда қолдирди. Иккинчи бўлимда жуда кўп ҳужум қилган «Динамо» 87-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Ўнг қанот ҳимоячиси Миркомил Лоқаев чап оёқда олис бурчакни аниқ нишонга олиб, супер гол муаллифига айланди.
Қизиқарли кечган ўйинда ҳар икки жамоадан бир нечта футболчилар яхши ҳаракат қилишди. Айниқса «Андижон» яримҳимоячиси Ойбек Қиличев майдон марказидаги хотиржам ҳаракатлари билан жамоаси ўйинини бошқарди. Шунингдек Рўзимбой Аҳмедов ва Шаҳзод Убайдуллаев мезбонлар ҳужум чизиғида яхши ўйнашди.
«Динамо»дан ҳар доимгидек дарвозабон Ботирали Эргашев сейвлари билан жамоасини қутқариб қолди. Шунингдек майдон марказидаги Шоҳрух Абдураҳмонов ва вингер Миркомил Лоқаев фаол ўйин кўрсатишди.
Наманганда ҳам стадион очилди. «Навбаҳор» чиройли ғалабага эришди


















