Россиялик тарихчи, махсус хизматлар ва СССР тарихи бўйича ўнлаб китоблар муаллифи Александр Колпакиди Ўзбекистон ССР ва унинг раҳбари Шароф Рашидовнинг советлар сиёсатидаги ислом векторида тутган ўрни ҳамда «пахта иши»нинг ҳақиқий сабаблари ҳақида гапирди.

СССРда пахта «оқ олтин» деб аталган. Москва ишлаб чиқарувчи республикалардан уни паст нархларда сотиб олган ва жаҳон нархларида экспорт қилган. Олинган валюта маблағлари, худди нефтдолларлар ва табиий ресурслардан бошқа даромадлар каби, қуролланиш пойгасига сарфланган.

Қийин иқтисодий вазият туфайли Кремль пахта етиштиришни доимий равишда ошириш ҳақида талаб қўйган. Белгиланган мажбуриятларни бажариш имконсизлиги қўшиб ёзишга сабаб бўлди. СССРда қўшиб ёзиш амалиёти кенг тарқалган бўлиб, деярли барча ҳудудларда кузатилган. КГБ ҳам бу нарсани яхши билган, бироқ, тарихчининг сўзларига кўра, коррупцияга қарши кураш, деб аталган кампания ҳаммани ҳам қамраб олмади.

«Биз тушунамиз - қўшиб ёзиш, ҳийла-найранглар, поралар. Лекин савол туғилади: бу коррупцияга энг ботган республика эдими ёки йўқ. Ҳозир исталган одам шундай дейди: йўқ, албатта. Болтиқбўйи ва иккита Кавказорти республикаларида - хафа қилмаслик учун улар номини айтмайман - коррупциянинг таъсири жуда катта эди. Лекин нима учун уларга ҳеч ким тегмаган? Кейинчалик бу республикаларнинг раҳбарлари қайта қуришда катта роль ўйнади. Нима учун прокуратура бригадасини коррупцияга бутунлай ботиб кетган Ставрополь ўлкасига ташлашмади?» - дея савол билан чиққан Колпакиди. 

Тарихчининг сўзларига кўра, коррупцияга қарши кампания баҳонаси билан Ўзбекистонга берилган зарба ташаббуси Андроповдан чиққан, у ўз дунёқараши бўйича ғарбга яқин ва бозор муносабатлари позициясига эга бўлган.

«Ўзбек ишини ким бошлаган? Гдлян ва Ивановни ҳамма билади. Ўзбекистон КГБ раиси Левон Мелкумовни деярли ҳеч ким билмайди. Буларнинг барини Андропов, Мелкумов, Гдлян, Ивановлар қилишди. У ерда бошига икки марта ўқ узиб, ўз жонига қасд қилганлар бўлган. Ва бу коррупцияга қарши кураш, деб аталган», - деди олим тарихчи Фёдор Раззоқовнинг ушбу мавзуга бағишланган китоби бўйича.

Унинг сўзларига кўра, совет номенклатурасининг устунларидан бири - уруш фахрийси, ҳарбий нишонлар кавалери Шароф Рашидовни қулатишга сабаб бўлган ўзбек иши - республикаларда жуда салбий қабул қилинган. Бошқа раҳбарлар марказга ишончини йўқотиб, совет давлатининг сиёсий асосларини заифлаштирдилар.