Совет даврида Ўзбекистонни бир қанча шахслар бошқарди. Улар орасида Шароф Рашидов Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

У республикани узоқ муддат – 24 йил бошқаради ва айнан Рашидовнинг раҳбарлик йилларида Ўзбекистон саноати ва қишлоқ хўжалиги сезиларли ривожланади. Одамларнинг турмуш тарзи яхшиланади. Шаҳар ва қишлоқлар обод бўлади.

Бироқ 1980-йиллар бошларига келиб «Қизил империя» Рашидовнинг меҳнатларини муносиб баҳолаш ўрнига уни маҳв этишга чоғланади. Оқибатда у 66 ёшида вафот этади.

Филологдан чиққан сиёсатчи

1917 йилда туғилган Шароф Рашидов ўрта мактабни битиргач аввал Жиззах педагогика техникумида, кейин СамДУнинг Филология факултетида таҳсил олади.

Ўқишни битиргач вилоят газетасида масъул котиб ва бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. 1941 йилда урушга кетади ва яраланиб 1942 йил ноябрда қайтиб келади. 1943 йилда вилоят газетасига бош муҳаррири бўлиб ишлай бошлайди.

1944 йилда Рашидов Самарқанд вилояти раҳбари этиб тайинланади. 1947 йилда уни Тошкентга чақириб олишади ва «Қизил Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррирлигини топширишади. 1949-1950 йилларда Рашидов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари бўлиб ишлайди.

1950 йилда уни Ўзбекистон олий совети президиуми раиси этиб тайинлашади. Рашидов бу вазифада 1959 йилгача фаолият олиб боради ва ўша йили Ўзбекистон раҳбари бўлади. Рашидов Ўзбекистонни 1983 йил 31 октябр, вафотигача бошқаради.

Адиб Шароф Рашидов

Шароф Рашидовнинг «Менинг нафратим» деб номланган илк шеърий тўплами 1945 йилда чоп этилади. 1951 йилда «Ғолиблар» қиссаси нашр этилади. 1959 йилда «Бўрондан кучли», 1964 йилда «Буюк тўлқин» романлари китоб ҳолида чиқади.

Унинг юқорида номлари келтириб ўтилган асарлари коммунистик мафкура асосида ёзилган бўлиб, уларда советлар олиб борган сиёсат бирёқлама, фақат мақтаб кўрсатилган эди. Зеро ўша даврда совет сиёсатини мақтаб ёзмасликнинг иложи ҳам йўқ эди ва буни бошқа таниқли адиблар ижодида ҳам кўриш мумкин.

Адибнинг 1956 йилда нашр этилган «Кашмир қўшиғи» шеърий қиссасида ҳинд халқининг озодлик учун кураши тасвирлади. Шунингдек, унинг публицистик мақолалардан иборат китоблари ҳам нашр этилган.

Рашидов Ўзбекистон раҳбари бўлганидан сўнг ижод қилишга вақти бўлмайди. Бироқ китоблари қайта қайта нашр этилади. У ўз даврида кўплаб адибларга ёрдам беради. Аммо асарларини ёки танқид қилган адибларни умуман кечирмайди. Бундай адибларнинг асарлари чоп этилмайди, ўзлари давлат мукофотларидан қуруқ қолади.