Тошкент шаҳрининг турли нуқталаридаги мардикор бозорларида эркаклар билан бир қаторда иш берувчиларни кутаётган аёлларни ҳам кўрамиз. Бундай манзара кўп йиллардан буён ўзгармай қолмоқда. Ижодий гуруҳимиз билан Тошкент шаҳридаги ноқонуний мардикор бозорларида бўлдик. Қайси нуқтага бормайлик иш берувчилар машинаси эшигига ёпишаётган аёллар сони эркакларникидан кам эмаслигига гувоҳ бўлдик.
Бу аёллар оғир шароитларда ноқонуний фаолият билан шуғулланишларига нималар сабаб бўляпти? Фақат ишсизликми?
Масалага чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, муаммонинг бошқа томонлари ҳам борлигини кўрамиз.
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида туғилган Замира Мамадалиевна Сулаймонова деярли 20 йилдан буён мардикор аёллар бозорида ишлайди.
«Ўқимаганим туфайли фермерларнинг ерини чопиқ қиламан, пахта ва буғдой етиштиришда ёрдамлашаман. Иш ҳақи ўрнига 10-15 сотих ер беришади. Ўша ерга ловия экиб кун кўраман. Ўтган йили бир фермернинг икки гектар ерини чопиқ қилиб, эвазига ижарага берган ерига ловия экдим. Аммо сув кам бўлгани сабабли атиги 400 минг сўм даромад олдим. Қилган харажатим ҳам қопланмади. Ҳозир 55 ёшдаман. 10 ёшли фарзандим бор. Ўзим фарзанд кўролмаганим сабабли уни асраб олганман. Нафақа пулим 193 минг сўм. Бу пул ейиш-ичишга ҳам етмаяпти. Камига уй-жой масаласи қийнаб юборди. Наманганга турмушга чиққаним сабабли пропискам Наманганда. Турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз. Шунинг учун уёққа боролмайман. Тошкентда эса пропискага қўйишмаяпти. Аросатда қолдим. Шу муаммоларим юзасидан ўтган йили Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилгандим. Арзимни эшитиб, жўнатиб юборишди. Бироздан кейин хат келди. Хат мазмунига тушунолмадим», дейди у.
Мардикор аёллар бозорида мактаб ёшидаги қизлардан тортиб, пенсия ёшидаги аёлларгача учратиш мумкин. Турли муаммолар сабаб оналар мактаб ёки коллежда дарсда ўтириши керак бўлган қизларини ҳам мардикор бозорларига олиб чиқишяпти. Бу ҳолатга ўқув муассасалари маъмурияти нима дейди? Мактаб ёшидаги қизлардан бу саволга жавоб олмоқчи бўлдик. Лекин улар жавоб беришдан бош тортишди. Ота-она ўзи ташаббускор бўлган бундай ҳолатларда ўқув муассасалари заифлик қилади, албатта.
Кузатувлар давомида мардикор аёллар уч тоифага бўлинишига гувоҳ бўлдик. Биринчи тоифа чиндан ҳам қийналган, ҳар қандай ишдан бош тортмай, ҳалол меҳнат қиладиган аёллар, иккинчи тоифа маълум маънода дангасалик, боқимандаликка ўрганиб қолганлар. Бу тоифа вакиллари ишсизлик ва бошқа муаммоларни рўкач қилишади. Маълум бўлишича, уларга ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддан иш топиб берилиши ваъда қилинса ҳам шаҳарда мардикорлик қилишни маъқул кўришади.












