Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумот беришича, айрим корхоналарда ижтимоий солиқ ставкасининг 12 фоиздан 1 фоизгача ёки 0 фоизгача пасайтирилиши пенсия суғуртасини молиялаштиришда тенглик ва мақсадлилик масаласини юзага келтирмоқда.

Қайд этилишича, 2025 йилда 65 мингта корхонага 3,2 трлн сўмлик ижтимоий солиқ имтиёзи берилган. Бунда корхона харажати камайган бўлсада, унинг ходими бўйича келгусидаги пенсия мажбурияти сақланиб қолади.

“Шу сабабли янги ижтимоий солиқ имтиёзларини беришни тўхтатиш, мавжуд имтиёзларни эса 2030 йилдан тўлиқ бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш эса ижтимоий солиқдан озод қилиш орқали эмас, давлат бюджетидан очиқ ва манзилли субсидиялар орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, натижада бир хил, масалан, 6 млн сўм иш ҳақи олувчи ходимлар қайси корхонада ишлашидан қатъи назар, ижтимоий солиқ тўлаш ва пенсия ҳуқуқини молиялаштиришда тенг шароитга эга бўлади.